Ўзбекистонда маҳаллий Кенгашлар фаолияти янада такомиллаштирилмоқда. Янги қабул қилинган Президент фармонига кўра, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир қатор янги ваколатлар ўтказилиши белгиланди.
Эндиликда маҳаллий Кенгашлар давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, дафн этиш жойларини сақлаш тартиби ва дафн хизматлари тарифларини тасдиқлаш ҳам улар ваколатига киритилди.
Бундан ташқари, маҳаллий Кенгашлар айрим йўл участкаларда ҳаракат тезлигини ошириш ёки камайтиришга рухсат бериш имкониятига эга бўлади. Бу тегишли йўл белгилари ўрнатиш орқали амалга оширилади.
Фармонга мувофиқ, маҳаллий бюджет лойиҳасини ишлаб чиқишда кенгаш депутатларининг ташаббуслари асосида бюджет харажатларининг муайян қисми шакллантирилади. Бу маҳаллий кенгашларнинг иқтисодий қарорлардаги иштирокини кучайтиради.
Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар қошида Ёшлар гуруҳлари ва Маслаҳат гуруҳлари ташкил этилиши белгиланди. Бу гуруҳлар жамоатчилик асосида фаолият юритиб, ёшлар ва фуқаролик жамияти вакилларини қарорлар қабул қилиш жараёнига жалб қилади.
Фармонда, шунингдек, «E-Kengash» электрон платформасини «қулайлик – соддалик – хавфсизлик» тамойили асосида мунтазам такомиллаштириш вазифаси ҳам белгиланган.
Ушбу ўзгаришлар маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада ошкора ва самарали ташкил этишга хизмат қилади.