25 июн куни Ҳаагада ўтказилган НАТО саммитида Франция президенти Эммануэл Макрон Европа давлатларини Россия билан алоқаларни қайта йўлга қўйиш эҳтимоли ҳақида ўйлашга чақирар экан, янги хавфсизлик архитектураси ҳақида мулоҳаза юритиш вақти келганини билдирди.
Унинг фикрича, Украинадаги уруш ортидан узилган мулоқотни қайта тиклаш учун Европа Иттифоқи аниқ шартлар ва мезонларни ишлаб чиқиши керак. Бу, хусусан, Қора денгиздан то Арктикагача бўлган ҳудудда хавфсизликни таъминлашни, қуролланишни чеклаш ва ишончни тиклаш борасида Россия билан эҳтимолий мулоқотни қамраб олади.
Шу билан бирга, Макрон Европани қурол захирасини оширишга чақирди. Унга кўра, Россия билан қуролланиш даражасидаги фарқни камайтириш муҳим, чунки ҳозирги шароитларда хавфсизлик кафолатлари совуқ уруш давридаги каби қурол тарқалишини чеклаш ва унинг ҳажмини назорат қилиш механизмларини ҳам ўз ичига олиши лозим.
Саммит якунларига кўра, НАТОга аъзо 32 давлат томонидан қабул қилинган баёнотда Россия Евроатлантика хавфсизлигига узоқ муддатли таҳдид сифатида белгиланди. Шу сабабли, алянс мамлакатлари 2035 йилгача мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача оширишга келишиб олди. Бу кўрсаткич аввал 2 фоиз этиб белгиланган эди.
Таъкидлаш жоиз, НАТО бу қарорни хавфли геосиёсий вазият ва Россия билан тўғридан-тўғри тўқнашув хавфининг ортиб бораётгани муносабати билан қабул қилган.