25 июн ҳолатига кўра, Ўзбекистонда насия савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан берилган жами кредит қолдиғи 8,5 трлн сўмни ташкил этди. Шунинг 67 фоизи тадбиркорлик субъектларига, 26 фоизи иккита молия ташкилотига, 7 фоизи эса тижорат банкларига тўғри келмоқда.
Марказий банк раиси Тимур Ишметовнинг маълум қилишича, насия шартномаларида устама ҳақлар ёки реал эффектив фоиз ставкалари аниқ кўрсатилмаслиги мижозларнинг қарз юки ортишига олиб келмоқда. Бу ҳолат эса бошқа манбалардан олинаётган кредитларни ўз вақтида қайтармаслик ва муаммоли қарзларга айланишига сабаб бўлмоқда.
Таъкидланишича, банклар ва нобанк кредит ташкилотлари томонидан қарз олувчига кредит беришда қарз юки кўрсаткичи 50% дан ошмаслиги бўйича талаб белгиланган. Бироқ, аҳолининг насия савдо бўйича аксарият қарз мажбуриятлари кредит бюролари базасига кирмайди. Натижада иқтисодиётда аҳолининг реал қарз юки ортиб бормоқда.
«Аҳолининг насия савдо бўйича аксарият қарз мажбуритялари Кредит бюроси маълумотлар базасида акс эттирилмаслиги сабабли иқтисодиётда аҳволнинг ҳақиқий қарз юки даражаси ошиб бормоқда. Яъни қарз олувчи қарз олиш учун банкка мурожжат қилганда унинг қарздорликлари бўйича маълумотларнинг йўқлиги банкнинг табиий равишда белгиланган қарз юки даражасидан ортиқча миқдорда кредитлар ажратилиш ҳолатлари кузатилмоқда. шундан келиб чиқиб Марказий банк томонидан насия бозорни тартибга солиш бўйича зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда», — дейди Ишметов..
Ҳозирда тижорат банклари ва микромолия ташкилотлари қарз олувчилар учун қарз юки 50 фоиздан ошмаслиги керак деган меъёрга амал қилади. Аммо насия савдо шартномалари аксарият ҳолларда Кредит бюроси базасида қайд этилмагани туфайли, фуқароларнинг ҳақиқий қарз юки даражаси юқорилаб бормоқда. Бу эса банклар томонидан қарз беришда хато қарорларга олиб келмоқда.
Ишметовга кўра, шу сабабли Марказий банк томонидан насия савдосини давлат томонидан тартибга солиш бўйича қонунчилик таклифлари ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, насия ташкилотлари қарз олувчилар ҳақидаги маълумотларни Кредит бюросига мажбурий тарзда етказиш, ҳамда товарга қўйиладиган устама ҳақни ошкора кўрсатиш мажбурияти жорий этилиши керак.
Марказий банк раиси таъкидлашича, давлат бу бизнесга қарши эмас. Аммо бозорда шаффофлик, масъулият ва барқарорликни таъминлаш мақсадида меъёрий-ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш зарур.
«Биз, албатта бу насия бозоридаги бу бизнесга қаршилигимиз йўқ, фақат давлат томонидан тартибга солиш таклифи билан чиқяпмиз. Насия савдо мажмуаси одамларга қарз бераётганда машу маълумотларни мажбурий тарзда кредит бюрога етказиш. Ўшанинг ҳисобига банклар одамларнинг қарзлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишади. Ва насия савдо ташкилотлари товар сотаётганда устига қўяётган устамани ошкора қилиш ҳақидаги талабларни қонунчиликка киргизишни таклиф қилямиз», — деган регулятор раиси.