Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотига кўра, 2025/2026-ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига кириш учун 732 минг 411 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Бу сўнгги етти йилликда кузатилган энг паст кўрсаткич бўлди.
Абитуриентларнинг 346 минг 299 нафари эркаклар, 386 минг 112 нафари аёллар экани қайд этилган. Таълим тили бўйича ўзбек тилида 644 минг 27 нафар, рус тилида 71 минг 476 нафар, қорақалпоқ тилида 14 минг 959 нафар ва бошқа тилларда 1 минг 949 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган.
Охирги йилларда абитуриентлар сони босқичма-босқич камайиб бораётгани кузатилмоқда. Масалан, 2019 йилда бу кўрсаткич 1 млн 66 минг 925 нафарни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 1,48 миллион нафаргача етиб, рекорд даража қайд этилган. Бироқ кейинги йилларда бу рақам табиий равишда туша бошлади.
2025 йилда абитуриентлар сони 2020 йилдаги юқори нуқтага нисбатан деярли икки баробар камайган. Бу пасайишга бир нечта омиллар таъсир қилмоқда. Шунингдек, хусусий университетлар улуши ошиб, давлат ОТМларига бўлган талабни бирмунча камайтирди. Бундан ташқари, профессионал таълим тизими ривожланиб, касб-ҳунар ўрганишга қизиқувчилар сони ортиб бормоқда.
Айрим мутахассислар бу ҳолатни аҳолининг олий таълимга бўлган муносабати ўзгараётгани билан изоҳламоқда. Ёшлар ва ота-оналар орасида олий маълумот орқали юқори даражада ҳаёт қуриш мумкинлигига бўлган ишонч сўнмоқда. Одамлар амалий кўникма ва касб-ҳунарнинг аҳамиятини кўпроқ англаб бормоқда.
Шуниси ҳам аҳамиятлики, тест синови учун белгиланган тўловни ўз вақтида тўламайдиган абитуриентлар сонини ҳисобга олганда, умумий кўрсаткич янада пасайиши мумкин.