Қашқадарёда боғчага олиб кетилган 2,5 ёшли қиз вафот этди

17:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Қашқадарёда хусусий боғчага олиб кетилган 2,5 ёшли қизалоқ вафот этди — прокуратура текширув бошлади.

Koson qizFoto:kun.uz

Қашқадарё вилояти Косон тумани Ушоқтепа маҳалласидаги хусусий боғчада 2,5 ёшли қизалоқ вафот этди. Бош прокуратура матбуот котиби ҳаёт Шамсутдиновга кўра, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Kun.uz’нинг қайд этишича, ҳодиса 2025 йил 20 июн куни Лола Ҳақназаровага тегишли хусусий боғчада содир бўлган. 2,5 ёшли Зарина Иззатиллаевани эрталаб Лола Ҳақназарова ўзининг «Spark» русумли енгил автомобилида уйидан боғчага олиб кетган. Кўп ўтмай, унинг яқинларига қизалоқнинг тоби бўлмай қолгани ҳақида хабар берилган.

«Отаси Россияда эди. Онаси билан поликлиникага бордик. Шифокорлар болада ҳаёт нишони йўқ эди, дейишди ва у экпертизага олиб кетилганини айтишди. Уйга бориб кутиб ўтирдик. Кейин хабар бўлгач экспертизадан мурдасини олиб келдик. Бизга бола машинада қолиб, димланиб ўлган, дейишди. Бизни ҳозирча ҳеч ким ҳеч қаерга чақиргани йўқ», — деган қизалоқнинг бувиси.

Бувига кўра, болаларни боғча раҳбари Лола Ҳақназарованинг ўзи ҳар куни Spark машинасида уйдан боғчага, боғчадан уйга ташиган. Ўша куни ҳам Заринани боғчага у машинада олиб кетган. Қизнинг бувисига кўра, ўша пайтда машинада 7-8 нафар бола бўлган.

Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, марҳума қизнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

«Текшириш ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — деди Прокуратура расмийси.