Рақобатни ривожлантириш қўмитаси олиб борган мониторингга кўра, Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш маркази» ДУК, «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети, Ўзбекистон миллий кинематографияни ривожлантириш маркази, «Қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» ДМ, «Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти» ДМ, «Ўзбекэкспертиза» АЖ, «Ядро физика институти» ДМ, «Тошкент метрополитени» ДУК ва Шайхонтоҳур туман ҳокимияти каби давлат ташкилотлари олдиндан монополияга қарши органнинг розилигисиз янги корхоналар ташкил этгани маълум бўлди.
Сурхондарёда эса Қизириқ тумани ҳокимияти «Қизириқ профессионал футбол клуби» МЧЖни таъсис этишда худди шундай қонунбузилишга йўл қўйган.
Рақобат қўмитаси мазкур ҳолатлар юзасидан қонунчиликка асосан иш қўзғатиб, мазкур субъектларга нисбатан қонунбузилишни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларни такрорламаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар йўллаган.
Иқтисодчи Отабек Бакиров бу ҳолатни шундай изоҳлайди:
«Тошкентда ва республика бўйича ўнлаб давлат корхоналари ва ташкилотлари қонунга зид равишда янги давлат корхоналарини урчитиб, туғдириб ётипти. Чунки ҳар бир давлат корхонаси бу самарасизлик ва зараркунандалик билан пул ўзлаштириш, садоқатли шотирларни жамлаш ва номенклатура занжиридаги коррупцион мавқени мустаҳкамлаш, дегани.
Бу майли. Давлат раҳбари 2 ой аввал давлат корхоналарини тузишга 5 йиллик мораторий эълон қилган. Мазкур мораторий ҳам умуман ишламаяпти. Мораторийдан 15 кун ўтмай, Энергия самарадорлиги агентлиги ҳузурида UzESCO МЧЖ компаниясини тузиш тўғрисида қарор қилинган. Давлат банклари эса янги ва янги шуъбаларини очиб ётипти.
Бу абадий жараёнга айланиб қолган. Бир қўл билан ўзбек чиновниклари зараркунанда давлат корхоналарини тузиб, пул ўзлаштираверади; иккинчи қўл эса уни сувтекинга ёки сопини ўзидан чиқариб «хусусийлаштириб» бераверади.
Ўзбек чиновниги ўзини ўзи ҳеч қачон чекламайди. Айниқса қонунни бузишгаям, мораторийга амал қилмаганлик учун ҳам ҳеч қанақа жазо йўқлигида. Ҳеч қурса ўша нолегитим тузилган давлат корхонаси корхонани тузган чиновник ҳисобидан мажбурий тугатилмагунча», деб ёзади Бакиров.