Фадеевнинг таъкидлашича, Россия ҳудудидаги ҳар қандай ота-она фарзандининг умумий таълим олишини таъминлаши шарт.
«Бу меъёр фуқаролигидан қатъи назар, барчага тааллуқли. Агар хорижликлар бу қонунга риоя қилмаса, ўз юртларига қайтсинлар. Болаларининг таълими учун масъулиятни ҳам ўша давлатлар олсин», — деган Фадеев.
Россия ИИВ маълумотига кўра, мамлакатда айни пайтда 785 мингдан ортиқ хорижий давлатлдар фуқароси бўлган норасида болалар яшамоқда. Уларнинг мактаб ёшида бўлган фақат 192 минги (24,5 фоизи) таълим муассасаларига жойлаштирилган. Қолган 300 мингга яқини умуман мактабга бормайди.
ИҲК раҳбарининг фикрича, катта шаҳарлар ва жамоат жойларида мактабга бормайдиган болаларнинг тўпланиши жиноятчилик ҳолатларини кучайтириши мумкин. Бу, унинг таърифича, Россия учун хавфли ижтимоий оқибатларга олиб келиши мумкин.
2025 йил апрелидан бошлаб, Россияда мигрант болалар мактабга қабул қилиниши учун рус тили бўйича тестдан ўтишлари шарт қилиб қўйилган. Тестда тўғри жавоблар улуши 90 фоиз бўлиши лозим. Бу талаб натижасида, жорий қилинган илк икки ойда мактабларга ариза берганлардан фақат 4 фоизи қабул қилинган. Улар орасида тестга кириш ҳуқуқини олганлар ҳам бор-йўғи 17 фоиз (498 нафар) бўлган.