Шавкат Мирзиёев Минскка жўнаб кетди: Евросиё саммитида иштирок этади

14:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26–27 июн кунлари Белоруссия пойтахти Минск шаҳрига амалий ташриф билан боради. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълум қилди.

Mirziyoyev

Ташриф Беларус Президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан амалга оширилмоқда. Мирзиёев Минскда бўлиб ўтадиган Олий Евросиё иқтисодий кенгаши йиғилишида кузатувчи давлат раҳбари сифатида иштирок этади.

Йиғилиш кун тартибидан ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш масалалари ўрин олган. Шунингдек, иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш бўйича келишувлар кўриб чиқилади.

Ўзбекистон 2020 йилдан буён Евросиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомига эга. Мамлакат ташкилот билан савдо, саноат, транспорт, логистика ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда.

Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёевнинг Александр Лукашенко ва бошқа мамлакатлар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши ҳам кутилмоқда.