Урушдан қайтган 137 минг рус ҳарбийси жамиятга қайта мослашишга муҳтож

20:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия расмийлари маълумотига кўра, Украинадаги урушдан қайтган қарийб 140 минг ҳарбий фуқаролик ҳаётига мослашиш учун ёрдамга муҳтож. Улар асосан ёшлар бўлиб, барқарор даромад ва психологик қўллаб-қувватлашни талаб қилмоқда.

Novikov

Россияда Украинага қарши урушда қатнашган тахминан 137 минг ҳарбий фуқаролик ҳаётига қайтган ва бугунги кунда уларнинг жамиятга қайта мослашуви долзарб масалага айланди. Бу ҳақда Кремл ҳузуридаги Ижтимоий лойиҳалар департаменти раҳбари Сергей Новиков маьлум қилди.

Унинг сўзларига кўра, урушдан қайтган ҳарбийларнинг аксарияти 35 ёшдан кичик ёшлардир. Улар фақат иш эмас, балки муносиб меҳнат ва даромадни таъминлайдиган шароитларга муҳтож.

Маълумотларга кўра, Украинада хизмат қилган ҳарбийлар ойига камида 204 минг рубл (тахминан 2 600 доллар) маош олган. Новиков бу ҳарбийлар фуқаролик ҳаётига қайтганда оилавий даромад кескин пасаймаслиги лозимлигини таъкидлади.

Россия ҳукумати бу йўналишда турли дастурларни амалга оширмоқда. Жумладан, ишсиз ҳарбийларга иш топишда кўмак бериш, касбий ўқув курслари ташкил этиш ва ногирон ҳарбийларни ишга қабул қилувчи иш берувчилар учун молиявий рағбатлантириш чоралари кўрилмоқда.

Шу билан бирга, урушдан қайтган ҳарбийлар орасида жиноятчилик ҳолатлари ортиб бораётгани ҳам қайд этилмоқда. Суд ҳужжатларига кўра, Россияда 2022 йил февралдан буён урушдан қайтган ҳарбийлар томонидан камида 378 киши ўлдирилган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳар беш нафар урушдан қайтган ҳарбийдан бири посттравматик стресс касаллигига чалинган. Бироқ Россияда ҳар 7 000 катта ёшли аҳолига атиги битта психолог тўғри келади ва уларнинг ҳам кўпчилиги жанговар жараёнлар билан боғлиқ мутахассис эмас.

Мутахассислар бу вазиятда психологлар тайёрлаш, реабилитация дастурларини кучайтириш ва ҳарбийларни муносиб шароитларда жамиятга қайтаришни устувор вазифа сифатида белгиланиши зарурлигини таъкидламоқда.