«Халқ солиқ тўласин, бойлар имтиёз олсинми?» — иқтисодчи ХВЖ таклифини танқид қилди

22:40 | 6 дақиқада ўқилади.

Отабек Бакиров ХВЖнинг даромад солиғини табақалаштириш таклифига қарши чиқди. Унинг таъкидлашича, бу чора халқнинг юкини оғирлаштириб, бойларни янада имтиёзли қилади.

Bakirov

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон солиқ базасини кенгайтириш ва солиқ тушумларининг ЯИМга нисбати пасайиши тенденциясини тўхтатиш мақсадида жисмоний шахсларнинг даромади солиғи бўйича амалдаги 12 фоизли текис ставкадан ошиб борувчи табақаланган шкалага ўтишни таклиф қилмоқда. Бироқ, иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров бу таклифни «жуда ёмон» ва «аксилижтимоий таклиф» дея атади.

«Қизиғи, ўзбек расмийлари бир йил аввал шимолдаги<…>лардан андоза олиб шундай ишораларнинг учини чиқаришганди. Энди бу таклифлар гўёки ХВЖ экспертлари оғзидан бирга бир янграмоқда», — дея ёзган у.

Иқтисодчи бу таклифни нега ижобий қабул қилиб бўлмасликнинг 4 сабабини келтирди. Унга кўра, биринчидан охирги йилларда даромад солиғидан тушумлар улушда ҳам, суммада ҳам тезроқ ўсмоқда, биринчи чоракда ҳам бу тенденция давом этган.

«Яъни меҳнат бозори оқаришдан, даромад солиғи тўловчилар сони ўсишдан тўхтагани йўқ, буни расмийлар ҳам парламентдаги охирги чиқишида тан олган. Ўсиб борувчи шкалага ўтиш солиқ тушумларини бир марталик ўстириши мумкин, лекин меҳнат бозорининг оқариши тақа-тақ тўхтайди, яна оммавий конвертга қайтиш бошланади», — дейди у.

Қўшимча қилишича, бу таклифнинг антиижтимоий эканига яна бир сабаб, юқори даромад эгалари, яъни бойлар Ўзбекистон шароитида даромадларини корпоратив харажатлар орқали ёки дивиденд орқали чиқариб олишади, асло иш ҳақи орқали эмас. Шунинг учун, ижтимоий адолат ҳақида гап кетса, дивиденд солиғини ошириш (даромад солиғи ставкасигача) ёки шахсий истеъмолга кетаётган корпоратив харажатларни солиқ базасига киритишни илгари суриш лозим.

«Ўзи нима учун меҳнаткаш даромадидан 12 фоиз, буржуй эса дивидендидан 5 фоиз (ундаям мингта имтиёз) солиқ тўлаши керак? Шуми ижтимоий адолат? Учинчидан, агар даромад солиғи ставкалари оширилса ва прогрессив шкалага ўтилса, тинимсиз ўсаётган қарзларни тўлаш юкини халқ бўйнига солиқларни ошириш кўринишида (тарифлар кўринишида илиниши аллақачон бошланган) илиниши тезиси амалда тасдиқланади. Бу яна тийиқсиз ошаётган қарзлар ва уларнинг самарасизлиги масаласини кўндаланг қўяди», — деб ёзади Бакиров.

Унинг таъкидлашича, бу таклиф тўловга лаёқатли аҳолидан янада кўпроқ юк олишга қаратилгани, давлат қарзларини халқ орқали қайтариш жараёни тезлашаётгани ҳақидаги хавотирларни ҳам кучайтирмоқда.

«Тўртинчидан, ижтимоий сиёсатни кучайтириш учун солиқ тушумларини кўпайтириш керакми? Албатта керак. Лекин меҳнаткашлар ҳисобидан эмас. Яширин ва ноқонуний имтиёзларни қўлга киритган, умуман бож тўламаган, шунинг ҳисобидан охирги 8 йилда доллардаги миллиардерларга айланган шоввозлар ниҳоят солиққа тортилиши керак. Қани ўзбек газ ва нефт конларини эгаллаб олганлар, каррасига солиқ ставкаси пасайтирилганлар? Шуларни чўнтагини бўғиш пайти келмадими? Қани божсиз мошин олиб кириб сотаётганлар? Шулардан ҳисоб сўраш керакмасми? Ё улар яп-янги жетларда учсин, саройларда яшасин, қора халқ улар учун солиқ тўласинми? Кечириб қўясиз. 2 йил аввалги сизники, бизники дейилган янги ижтимоий шартномада бизга бунақа банд кўрсатилмаган», — дейди иқтисодчи.