Xитой 2028 йилда Марсга робот дрон юборишни режалаштирмоқда

10:20 | 2 дақиқада ўқилади.

«Тианвэн-3» экспедицияси доирасида дрон тўплаган тошлар Ерга қайтарилади.

Mars

Хитой 2028 йилда Марсга учувчисиз дрон юборишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Nature Astronomy» нашри хабар берди.

«Тианвэн-3» экспедицияси доирасида дрон Марс юзасига қўнган платформада 100 метр масофагача парвоз қилиб, ҳаёт излари бўлиши мумкин бўлган тошларни йиғади. Бу дрон робот қўл билан жиҳозланади ва йиғилган намуна кейинчалик Ерга юборилади.

Шунингдек, бурғу ва робот қўллар ёрдамида Марс тупроғини 2 метргача чуқурликда қазиш режалаштирилган. Экспедиция 2031 йилгача камида 500 грамм тупроқ намуналарини Ерга етказишни мақсад қилган.

Олимлар мазкур ташаббус орқали Марсда ҳаёт мавжуд бўлган-бўлмаганини аниқлашга умид қилмоқда. Дастур Марсни ҳар томонлама ўрганиш, космик намуналарни қайтариш ва келажакдаги экспедициялар учун илмий асос яратиш мақсадини кўзлаган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда космик чиқиндиларни бартараф этиш бўйича янги технология ишлаб чиқилган эди.