Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида «Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг ушбу конвенцияга қўшилиши орқали мамлакатда фуқаролик ядро объектларида содир бўлиши мумкин бўлган ҳодисалар натижасида етказилган зарарлар учун жавобгарлик режими, тўлов тартиби ва зарурий тамойиллар халқаро стандартлар асосида жорий этилади.
Конвенциянинг асосий мақсади – ядровий қурилма операторининг жавобгарлигини аниқ белгилаш, ядровий зарардан молиявий ҳимояни таъминлаш ва минимал талабларни шакллантиришдан иборат. Бу орқали мамлакат аҳолиси ядровий фалокат юз берган ҳолатда кафолатли тўловлар билан таъминланади.
Вена конвенциясига қўшилиш Ўзбекистон учун халқаро миқёсда тан олинган зарарни қоплаш механизмларини жорий этиш, ядро объектлари операторларининг мажбуриятларини аниқ белгилаш ва зарур молиявий кафолатлар яратиш имконини беради.
Шунингдек, мазкур қадам миллий ядро хавфсизлиги тизимига ишончни кучайтиради, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва ядровий жавобгарлик соҳасида замонавий стандартларга риоя қилишга хизмат қилади.
Ўзбекистоннинг Вена конвенциясига қўшилиши орқали мамлакат ядровий энергетика ва хавфсизлик соҳасида халқаро ҳуқуқий майдонда фаол иштирок этади, ядровий зарардан жабрланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланади ва ядро энергетикаси соҳасида суғурта ҳамда компенсация тизимлари жорий этилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Халқаро атом энергияси агентлиги билан ҳамкорлиги кенгаяди ва ушбу агентлик доирасида янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари яратилади.
Қонун Сенат аъзолари томонидан якдиллик билан маъқулланди.
Аввалроқ қонун лойиҳаси Сенатга юборилгани ва у тасдиқланса, Ўзбекистон расман Вена конвенциясига қўшилиши ҳақида хабар берган эдик.