«Йўллардаги таъмирлаш ишларида қурилиш меъёрларига риоя этилмаган» — «Юксалиш» ҳаракати

13:00 | 4 дақиқада ўқилади.

«Юксалиш» жамоат ҳаракати Ўзбекистон йўлларида фуқаролар хавфсизлигига таҳдид солаётган жиддий муаммолар борлигини аниқлади. Мониторинг натижалари йўл таъмирлари ва инфратузилмада катта камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.

Yo'l

«Юксалиш» жамоат ҳаракати томонидан 2024-2025 йилларга мўлжалланган давлат дастурлари ижроси доирасида апрел ва май ойларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш юзасидан жамоатчилик назорати тадбирлари ўтказилди. Мониторинг натижалари кўплаб йўлларда техник ва инфратузилма муаммолари борлигини кўрсатди.

Олиб борилган ишларга қарамай, жойларда йўл таъмирлаш ишлари сифатсиз, қурилиш нормаларига зид ҳолда амалга оширилган. Жиззах ва Андижон вилоятларида йўллар таъмирга муҳтож, Самарқанд туманида эса йиллар давомида таъмирланмаган кўчалар мавжуд.

Тошкент ва Қарши шаҳарларида йўл белгилари дарахт ва тўсиқлар орасида қолган, баъзи жойларда йўл чизиқлари ноаниқ ва йўқолиб кетган. Махсус эътибор талаб қиладиган мактаб ва боғча олдларида эса «зебра», огоҳлантирувчи белгилари ва сунъий тўсиқлар йўқлиги қайд этилди.

Пиёдалар йўлаклари ҳам кўп жойларда сифатсиз қурилган ёки таъмирга муҳтож. Хусусан, Марғилон ва Хоразм вилоятларида тротуарлар лойиҳадан четда қолган ёки белгиланган меъёрларга жавоб бермайди. Айрим жойларда очиқ арықлар ногиронлар ва болалар арвачалари билан ҳаракатланувчилар учун хавфли ҳолатни юзага келтирмоқда.

Махсус эҳтиёжли фуқаролар учун шароитлар етарли эмас. Пиёдалар ўтиш йўлаклари, автобус бекатлари ва тротуарлар ногиронлиги бор шахслар учун мослаштирилмагани қайд этилди. Айрим йўл участкаларининг қайси идора балансида экани аниқ эмаслиги таъмир ва назоратни қийинлаштирмоқда.

Соҳадаги мутахассислар амалдаги йўл қоидалари ва стандартларда жиддий камчиликлар борлигини, уларнинг кўпчилиги эскирган ва замонавий талабларга мос келмаслигини таъкидлади. Йўл белгиларининг етишмаслиги ва баъзиларининг ортиқча ўрнатилгани, жарималар миқдорининг ҳаётий хавф даражасига мос эмаслиги, ҳамда ЙҲҚ таълими сифати паст экани муаммо сифатида кўрсатилди.

«Юксалиш» ҳаракати ушбу муаммолар фақат рақамлар эмас, балки инсон ҳаёти ва хавфсизлиги билан боғлиқ эканини алоҳида таъкидлади ва масъул идораларни жиддий чоралар кўришга чақирди.