Юлий Юсупов Халқаро валюта жамғармаси тавсияларини танқид остига олди

10:00 | 10 дақиқада ўқилади.

Иқтисодчи Юлий Юсупов Халқаро валюта жамғармасининг 2020 йилдан бери ЯИМга нисбатан 2 фоиз пунктга камайган солиқ тушумларини уч йил ичида қоплаш учун ва солиқ тизимини янада адолатли қилиш, иқтисодиётга тушаётган солиқ юкини ошириш бўйича тавсиясини танқид остига олди.

Yuliy yusuhov

Иқтисодчининг ўз Телеграм каналида ёзишича, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистон ҳукуматига 2020 йилдан бери ЯИМга нисбатан 2 фоиз пунктга камайган солиқ тушумларини уч йил ичида қоплаш ва солиқ тизимини янада адолатли қилишни тавсия этди. Бу мақсадда қуйидагиларни амалга ошириш таклиф қилинди:

  • спиртли ичимликлар, қазиб олинадиган ёқилғи, транспорт воситалари ва шакар каби маҳсулотларга белгиланган махсус акциз солиқларини ошириш;
  • инвестицияларга берилаётган имтиёзларни қисқартириш,
  • самарасиз божхона имтиёзларини бекор қилиш,
  • жисмоний шахслар даромад солиғининг амалдаги бир хил (12 фоизлик) ставкасини даромадга қараб ўсиб борувчи шкалага алмаштириш.

Соҳадаги мутахассис сифатида алоҳида шахслар ва тармоқларга бериладиган имтиёзлар тўлиқ барҳам топиши кераклигига мен тўлиқ қўшиламан. Чунки бундай имтиёзлар бозор механизмларининг тўғри ишлашини издан чиқаради, коррупция ва рақобатни чекловчи муҳитни шакллантиради.

Бироқ, ХВЖ томонидан бюджет даромадларини ошириш зарурати борасида билдирилган фикрлар ҳайрат уйғотади. Яъни, уларнинг таъкидлашича, 2020 йилдан буён ЯИМга нисбатан бюджет тушумлари камайган ва буни қоплаш лозим экан.

Аммо Осиё тараққиёт банки (ОТБ) маълумотларига қаралса, бундай камайиш кузатилмаган: 2020 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари ЯИМнинг 26,9 фоизини ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 30,5 фоизга етган. Шуниси ростки, давлат харажатлари бундан ҳам кўпроқ ўсди — 29,1 фоиздан 35,5 фоизгача.

Албатта, бюджет тушумлари ўсиши давлат харажатлари суръатига етмаяпти, бу эса бюджет тақчиллиги ва давлат қарзининг ошиб боришига олиб келмоқда.

Аммо савол туғилади: бундай вазиятда, иқтисодиёт зиммасига тушаётган солиқ юкини янада ошириш керакми ёки, аксинча, шиширилган ва тез ўсиб бораётган давлат харажатларини қисқартириш лозимми?

ХВЖ мансабдорлари мантиғига кўра, биринчи йўл — солиқ юкини ошириш — тўғри экан. Бу мантиқ аввал қарашда ғалати туюлиши мумкин, бироқ макроиқтисодий назария нуқтайи назаридан тушунарли. Бу назариялар ривожланган бозор иқтисодиётига мўлжалланган: «молиявий интизом қаттиқ бўлиши керак; агар давлат харажатлари катта бўлса, уларни юқори солиқлар орқали қоплаш лозим; акс ҳолда — муаммолар келиб чиқади».

Аммо Ўзбекистон – ривожланган давлат ҳам эмас, тўлиқ бозор иқтисодиётига ҳам эга эмас.

Аввало, Ўзбекистон иқтисодиёти камбағал, ЯИМнинг ҳар бир аҳолига тўғри келувчи ҳажми 3000 доллар атрофида. Бунинг устига иқтисодиёт назариясида аниқ қонуният бор: мамлакат қанчалик камбағал бўлса, у шунчалик кам бюджет-солиқ юкини кўтара олади. … Агар, албатта, у ривожланган давлатлар қаторига чиқишни истаса. Чунки ЯИМда давлат харажатлари улушининг юқорилиги — бу бизнес учун катта харажатлар ва унинг рақобатбардошлиги паст бўлиши, демакдир.

Ўзбекистонда эса давлат харажатларининг ЯИМга нисбатан улуши Ғарбий Европа давлатларига яқин — 40 фоиздан юқори. Агар корхоналарнинг квазифискал харажатларини ҳам инобатга олсак, бу рақам янада ортиб кетади (Жаҳон банки маълумотларига кўра). Ҳолбуки, бой Шарқий Осиё давлатларида бу кўрсаткич 1,5–2 баробар паст. Қолаверса, муваффақиятли ривожланаётган камбағал давлатларда ҳам бундай даража кузатилмайди.

Иккинчидан, Ўзбекистонда ҳамон тўлиқ бозор иқтисодиёти шаклланмаган. Чунки муҳим қарорларни хусусий сектор ва бозор эмас, мансабдорлар қабул қилади. Улар бунинг учун улкан давлат харажатларидан, имтиёзлардан, субсидиялардан, солиқлар ва божлардан, шунингдек, имтиёзли кредитлардан фойдаланади. Ва мансабдорлар харажат қилиш ва «ўзлаштириш» имконияти бўлган маблағлар қанча кўп бўлмасин, улар учун доимо камлик қилади.

Энг асосийси, уларнинг фаолияти устидан жамият томонидан самарали назорат мавжуд эмас, мувозанат ва тийиб туриш механизмлари ҳам ишламайди. Бу эса давлат харажатларининг чек билмас ўсишига олиб келади. Натижада, бу харажатлар солиқ юки ва давлат қарзи орқали иқтисодиёт зиммасига юкланади.

Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни жадаллаштириш учун эса, ҳаводек зарур бўлган чоралар қуйидагилар:

  • давлат харажатларини радикал тарзда (1,5–2 баробар) қисқартириш, айниқса иқтисодий харажатларни,
  • давлат улушини ва унинг мулкдор сифатидаги иштироки ҳажмини кескин камайтириш (бу кўрсаткич ҳам барча ақлли мезонлардан ошиб кетган),
  • иқтисодиётга тушаётган солиқ ва қарз юкини камайтириш (бизнес юритиш харажатларини пасайтириш ва миллий маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш учун),
  • импорт учун божлар ва нотариф тўсиқларни қисқартириш, алоҳида шахслар ва тармоқлар учун берилган имтиёзларни бекор қилиш (рақобат муҳитини кучайтириш ва мансабдорлар томонидан сунъий яратилган монополия ва коррупция манбаларини йўқ қилиш учун).
  • ва энг муҳими — давлатнинг иқтисодиётдаги вазифаларини кескин қайта кўриб чиқиш. Мансабдорларни бизнесдан узоқлаштириш, бозор механизмлари ва рақобат муҳитини бузишларига қатъий чек қўйиш лозим. Улар бу иш билан ҳануз шуғулланишдан тўхтамай келишмоқда.

Шундай экан, бундай шароитда ХВЖ нима таклиф қилмоқда? Айнан: иқтисодиётга тушаётган солиқ юкини ошириш. Шунчаки гапириш ҳайф… Бу — умумий макроиқтисодий қоидаларни мамлакатнинг институционал ва тарихий хусусиятларини ҳисобга олмасдан схоластик ва механик тарзда қўллашнинг натижаси.