Украина президенти Володимир Зеленский ва Европа Кенгаши Бош котиби Ален Берсе 2025 йил 25 июн куни Франциянинг Страсбург шаҳрида Россия раҳбариятини судга тортиш учун янги махсус трибунал тузиш ҳақида келишув имзолади, дея хабар бермоқда CNN.
Зеленский бу трибунални Россиянинг Украинага қарши тўлиқ масштабли босқини учун Россия расмийларини жавобгарликка тортишнинг муҳим қадами сифатида таърифлади. Уруш 2022 йил февралдан буён давом этмоқда ва кўплаб инсонлар ҳаётига зомин бўлди.
Янги трибунал тузилиши орқали урушда айбдор бўлган Россия раҳбарларига қарши ҳуқуқий жавобгарлик доираси янада кенгайтирилади. Халқаро жиноят суди (XJS) аллақачон Россия президенти Владимир Путин ва Россиянинг бир қатор сиёсий-ҳарбий шахсларига қарши инсонликка қарши жиноятлар бўйича ҳибс ордерлари чиқарган.
Янги трибунал эса «тажовуз жинояти»ни — бир давлатнинг бошқа давлатга қуролли ҳужуми билан боғлиқ жиноятларни кўриб чиқади. Европа Кенгаши тарихида бундай суд органи биринчи марта тузилмоқда.
«Бугун расман иш бошлаган бу Трибунал Россия режимининг раҳбариятини мамлакатимиз ва халқимизга қарши жиноятлари учун жавобгарликка тортиш имконини яратади», — деб ёзди Зеленский ижтимоий тармоқда.
У, шунингдек, барча жабрланувчилар учун адолат қарор топиши учун ҳаракатларни давом эттиришини таъкидлади. Зеленский Россия расмийлари Ҳагада суд олдида жавоб беришлари кераклигини билдирди.
Европа Кенгаши Бош котиби Ален Берсе эса бу тарихий келишув халқаро ҳуқуқ барча учун бир хил қўлланилиши лозимлигини эслатиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро жиноят суди 2023 йил март ойида Владимир Путин ва Россия президентининг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Мария Львова-Беловага нисбатан Украинадан болаларни ноқонуний депортация қилиш айби бўйича ҳибс ордерлари чиқарган эди.