Дунёдаги энг бадавлат одамлардан бири — Amazon асосчиси Жефф Безос телебошловчи Лаурен Санчесга уйланиш учун деярли бутун Венецияни ижарага олди.
Уч кунлик тўй бугун бошланмоқда: Маросимда 200 нафарга яқин таниқли меҳмонлар — шоу-бизнес юлдузлари, сиёсатчилар ва молиявий доира вакиллари қатнашмоқда. Улар орасида Иванка Трамп, Ким Кардашян, Кэти Перри ва Леонардо Ди Каприо каби машҳурлар ҳам бор. Венеция аэропорти 90 та хусусий самолётни қабул қилишга тайёрланган, шаҳар портларига эса шахсий яхталар келиб тушмоқда.
Амазон асосчиси Венециянинг деярли барча тарихий саройларини, музейларини ва ноёб жойларини банд қилган.
Бир ҳафтадан буён Венеция аҳолиси тўйга қарши чиқмоқда. «No Space for Bezos» гуруҳи тўйни танқид қилиб, «Безосга бу шаҳарда жой йўқ!» деган баннерлар билан чиқиш қилди. Уларнинг фикрича, шаҳар бойлар томонидан ижарага олинаётгани ҳақоратли ҳолат ҳисобланади. Фаоллар Безосни АҚШ президенти Доналд Трампни қўллаб-қувватлагани учун ҳам танқид қилмоқда.
Шаҳар ҳокимияти эса бундай тадбирлар Венеция иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидламоқда.
Безос ва Санчес учун бу иккинчи никоҳ. Улар 2023 йил май ойида расман турмуш қуриш ниятида эканини эълон қилган эди. Безоснинг Маккензи Скотт билан аввалги никоҳидан тўрт нафар фарзанди, Санчеснинг эса уч фарзанди бор.