Эронга ўз ядровий қуролидан воз кечиши учун қанча таклиф қилинаётгани маълум бўлди

14:40 | 4 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Эроннинг уран бойитиш ва атом бомбаси яратишдан воз кечиши эвазига мамлакатга тинч ядровий дастурини ривожлантириш учун 30 млрд доллар ажратиш таклифини муҳокама қилмоқда.

Trump iran

CNN телеканалининг хабар беришича, масалага яқин тўртта манба бу маълумотни тасдиқлаган. Уларга кўра, бу маблағлар АҚШдан эмас, араб давлатларидан ажратилиши кўзда тутилган. Бу масала Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий тўқнашувдан олдин муҳокама қилинган. «Кимдир бу дастур учун пул тўлаши керак, лекин биз бу мажбуриятни ўз зиммамизга олмаймиз», — деган Оқ уй вакили.

Бундан ташқари, Трамп маъмурияти Эронга айрим санкцияларни енгиллаштириш ва хорижий банкларда музлатилган 6 млрд долларлик активларига кириш имкони беришни таклиф қилмоқда.

Шунингдек, АҚШнинг Фўрдо ядровий марказига берган зарбасидан кейин уни қайта тиклаш харажатларини АҚШнинг Форс кўрфази бўйича иттифоқчилари қоплаши, бироқ у ерда уран бойитишга рухсат берилмаслиги назарда тутилган. Оқ уй бу таклифлар Эроннинг ядровий қурол эгаллашининг олдини олишга қаратилганини таъкидлади.

Вашингтон Исроил билан ўзаро зарбалар ва АҚШнинг Эрон ядровий марказларига ҳужумидан сўнг Теҳрон бу шартларга кўнишидан умидвор. Аммо Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий ҳозирча Теҳрон АҚШ билан музокараларни қайта бошлашга тайёр эмаслигини айтди.

Reuters маълумотларига кўра, Исроил билан можаро давомида Арагчи бир неча марта АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф билан телефон орқали суҳбатлашган ва Исроил ҳужумлари тўхтамас экан, музокараларга қайтмаслигини билдирган.

Бу ҳафта Эрон парламенти АЭХА билан ҳамкорликни тўхтатишни маъқуллади. АҚШнинг 22 июнга ўтар кечаси амалга оширган ҳужумидан аввал Эрон ҳокимияти агентлик ходимларининг ядровий объектларга киришини чеклаган эди. АЭХА маълумотларига кўра, май ойи ўрталарида Эронда 409 кг юқори даражада бойитилган уран бор бўлиб, бу 10 та ядровий каллак тайёрлашга етарли бўлиши мумкин.

Агентлик раҳбари Рафаэль Гросси бу модданинг қаерга йўқолганини билмаслигини айтган. Эрон эса уран захиралари ҳужумлардан олдин кўчирилганини маълум қилган.