Эроннинг «Khorasan» нашрининг ёзишича, шу мақсадда Теҳрон Россиянинг Су-35 ўрнига Хитойнинг Chengdu J-10C қирувчи самолётларини харид қилиш музокараларини фаоллаштирди.
Эрон Хитойнинг J-10C қирувчиларига қарийб йигирма йилдан буён қизиқиш билдириб келади. 2015 йилда 150 та самолёт харид қилиш бўйича музокаралар бошланган, аммо тўлов масаласида келишилмаган. Пекин тўловни валютада талаб қилган, Теҳрон эса нефт ва газ билан бартер таклиф этган эди. БМТ қурол-яроғ эмбаргоси ҳам бу жараёнга тўсиқ бўлган.
2020 йилда эмбарго бекор қилиниб, келишув ҳажми 36 самолётга қисқартирилди, аммо тўлов масаласида яна келишувга эришилмаган. Ҳозир эса вазият ўзгарди: АҚШ 24 июн куни Хитойга Эрон нефтини санкцияларсиз сотиб олиш ҳуқуқини берди ва бу шартнома имкониятларини оширди.
Маълумотларга кўра, Эроннинг мудофаа вазири Азиз Носирзода 25 июн куни Чингдаода ШҲТ саммитида иштирок этиб, ушбу келишувни муҳокама қилган бўлиши мумкин. Хитойнинг J-10C қирувчиси F-16V ва Gripen E каби Ғарб қирувчиларига арзонроқ муқобил сифатида кўрилмоқда. Унинг нархи 60 млн доллардан (базавий тўплам) 90 млн долларгача (қўшимча жиҳозлар, қурол-яроғ ва учувчиларни ўқитиш билан) бўлиши мумкин.
12 кунлик уруш Эрон ҳарбий-ҳаво кучларининг заифлигини очиб ташлади. Исроилнинг F-35 ва F-15 қирувчилари Эроннинг ҲҲҲ тизимларини йўқ қилгани ортидан АҚШ ҳам B-2 Spirit бомбардимончи самолётлари ва сувости кемаларидан ҳужумларни амалга оширди. Эроннинг эски F-4 Phantom ва F-14 Tomcat қирувчилари катта йўқотишга учради. Россиядан харид қилинган Су-35 самолётлари эса Украинадаги уруш туфайли ҳозирча етказиб берилмаяпти.