Фарғонада 7 кишини Англияга ишга юбормоқчи бўлган «уддабурон» ушланди

08:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Фарғонада хусусий корхона раҳбари Англияга ишга жўнатиш ва визаларни расмийлаштиришни ваъда қилиб, камида 7 нафар фуқаронинг ишончига кириб, 10 минг доллардан ортиқ маблағини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиргани аниқланди.

England visa

Фарғона вилоятида фуқароларни хорижга ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “E.V.” МЧЖ раҳбари Ж.Р. фуқаро Н.Н.нинг ишончига кириб, уни Англия давлатига ишга юбориши ҳамда виза ҳужжатларини тайёрлаб бериши эвазига 1 900 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, терговга қадар текширув давомида МЧЖ раҳбари Ж.Р. 7 нафар фуқарони чет давлатга ишга юбориши эвазига жами 10 500 АҚШ долларини қўлга киритганлиги аниқланиб, ушбу пуллар ҳисобидан 114,2 млн сўмнинг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.

«Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», — дейилади хабарда.