«Маҳалла сервис» компаниялари даромадлари ва иш ҳақлари солиқдан озод этилди

12:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда «Маҳалла сервис» компаниялари ва уларнинг ходимлари учун янги солиқ имтиёзлари жорий этилди. Шу билан бирга, солиқ тизими янада соддалаштирилди ва ортиқча тўланган солиқларни қайтариш тартиби енгиллаштирилди.

Mahalla

Президент Шавкат Мирзиёев 26 июн куни солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳуқуқий ахборот канали маълумотига кўрa, янги қонун солиқ тизимида бир қатор янгиликларни ўз ичига олди.

Қонунга мувофиқ, «Маҳалла сервис» компанияларининг ободонлаштириш ишларидан ва аҳолига кўрсатиладиган айрим ижтимоий хизматлардан оладиган даромадлари солиқ базасига киритилмайди. Шунингдек, бу компаниялар ходимларининг иш ҳақи бўйича жисмоний шахслар даромад солиғи ҳисобланмайди. Ушбу компанияларга ажратилган ер участкалари ҳам ер солиғидан озод қилинади.

Янги тартибга кўра, ортиқча ундирилган солиқларни солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловларига ҳисобга олиш 3 кун ичида амалга оширилади. Бу жараён ёзма ёки электрон ариза асосида бажарилади.

Қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик соҳасида сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича солиқ ҳисоботлари автоматик тарзда «Suv hisobi» ахборот тизими орқали шакллантирилади.

Шунингдек, Жиззах вилоятининг Шараф-Рашидов тумани ва Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги чарм-пойабзал саноат ҳудудлари 2026 йил 1 январга қадар мулк, ер ва сувдан фойдаланиш солиқларидан озод қилинади.