Ўзбекистон аҳолисининг деярли 39 фоизи ўтган йили жамғарма тўпламаган

16:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон аҳолисининг катта қисмида молиявий жамғарма тузиш одати ҳали ҳам паст даражада. Ўзбекистон Марказий банки ўтказган сўров натижаларига кўра, 2024 йилда аҳолининг қарийб 40 фоизи умуман жамғарма қилмаган.

Jamg'arma

Марказий банк Осиё Тараққиёт банки кўмагида ўтказган сўровда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидан 1200 нафар иштирокчи қатнашган. Қўшимча равишда бешта ҳудуддан 198 нафар респондент билан сифат жиҳатидан таҳлил ўтказилган.

Сўнгги йилларда жамғарма қилишда ўсиш кузатилган. Агар 2011 йилда молиявий муассасаларда жамғармага эга бўлганлар 1 фоиздан кам бўлган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 7,4 фоизга етди. Бу иқтисодий ислоҳотлар самараси сифатида баҳоланмоқда.

Бироқ, жамғарма қилиш кўникмалари ҳудудлар, таълим даражаси ва бандлик ҳолати бўйича сезиларли фарқ қилади. Тошкент шаҳрида жамғарма қилмаганлар улуши 25 фоизни ташкил этса, Қорақалпоғистонда бу кўрсаткич 54 фоизга етган. Бу эса мамлакат бўйича энг паст натижа ҳисобланади.

Таълим даражаси ҳам катта аҳамиятга эга. Олий маълумотли фуқаролар орасида жамғарма қилмаганлар 27 фоиз бўлса, 8-9 синфни битирганлар орасида бу кўрсаткич 53 фоизни ташкил қилган.

Бандликка қараб энг фаол жамғарадиган гуруҳ — талабалар. Пенсионерлар орасида жамғарма қилмаганлар 46 фоизни, ишлайдиганлар орасида эса 32 фоизни ташкил этган.

2025 йил 1 июн ҳолатига кўра, тижорат банкларидаги депозитлар ҳажми 345,6 трлн сўмдан ошган. Шунинг 134,5 трлн сўми жисмоний шахсларга тегишли.