Сенат ТДТ доирасида фавқулодда вазиятларда ҳамкорликни расман тасдиқлади

11:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Табиий офатлар пайтида ўзаро ёрдам ва тажриба алмашишни назарда тутувчи битим ратификация қилинди.

Oliy majlis senati

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасида фуқаролик мудофааси механизмини яратиш тўғрисидаги халқаро битимни ратификация қилди. Мазкур қарор парламент юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида қабул қилинди.

Битим 2024 йил 6 ноябрь куни Бишкекдаги ТДТ йиғилишида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия томонидан имзоланган. У фавқулодда вазиятларда, хусусан, табиий офатлар вақтида аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ёрдамни ташкил қилиш ва қидирув-қутқарув ишларини мувофиқлаштиришни кўзда тутади.

Ҳужжатга кўра, ёрдам фақат зарар кўрган мамлакат томонидан расмий илтимос асосида кўрсатилади. Шу билан бирга, битим қатнашчи давлатлар ўртасида фавқулодда вазиятларда тажриба алмашиш ва қутқарув операцияларини ташкил этиш масалаларини ҳам қамраб олади.

Сенаторлар фикрига кўра, мазкур ратификация Ўзбекистоннинг табиий офатларнинг олдини олиш, уларни прогнозлаш ва таҳлил қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаб, янги босқичга олиб чиқади.

Битимнинг амалга оширилиши ТДТ доирасидаги интеграцияни чуқурлаштириш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.