Тошкент шаҳар кўчаларида йўл ҳаракати хавфсизлигини ракамлаштириш ва транспорт оқимини самарали бошқариш мақсадида Компютерлаштирилган вазиятлар маркази ишга туширилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Янги ташкил этилган марказда интеллектуал транспорт платформаси жорий этилган бўлиб, у автотранспорт оқимини кузатиш, таҳлил қилиш ва бошқариш имконини беради. Мазкур тизим орқали шаҳар тирбандликларини 50 фоизгача камайтириш, йўловчилар вақти ва фавқулодда хизматлар ҳаракатини тежаш, йўл-транспорт ҳодисаларини қисқартириш, шунингдек, қарор қабул қилишда аниқ статистикадан самарали фойдаланиш мумкин бўлади.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокими йўл-патрул хизмати ва патрул-пост хизмати учун 40 та янги Cobalt русумли хизмат автомобили топширди. Ушбу автомашиналар замонавий махсус жиҳозлар билан таъминланган ва улардаги камералар вазиятлар маркази билан интеграция қилинган.
Автомобилларда ўрнатилган камералар қидирувдаги шахслар, ўғирланган транспорт воситалари ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи вазиятлар ҳақида марказга дарҳол хабар бериш имкониятига эга. Шу билан бирга, марказ барча хизмат машиналаридаги камераларни масофадан бошқариши мумкин.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида пойтахт йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан 356 та гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноят аниқланган, 70 нафар қидирувдаги шахс қўлга олинган ва 100 дан зиёд ўғирланган транспорт воситалари ушланган.
Пойтахт йўлларида кунига 1 млндан ортиқ автотранспорт воситаси ҳаракатланади. Ҳозирга қадар 2 млн 974 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланиб, қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилган.
Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида Тошкентда умумий йўл-транспорт ҳодисалари сони 4,1 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар 6,9 фоизга, тезликни ошириш оқибатида содир бўлган ҳодисалар 66,7 фоизга, маст ҳолда транспорт бошқариш билан боғлиқ ҳодисалар 16,7 фоизга, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари эса 8 фоизга камайгани қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 16 июн куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Тошкентда сунъий интеллект асосида транспорт ҳаракатини бошқариш тизими натижасиз қолганини кескин танқид қилган эди.