Тошкентдаги хонадондан 6 минг инсонни заҳарлаши мумкин бўлган 1,5 млрд сўмлик наркотик топилди

08:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида яшовчи фуқаронинг уйидан 1 миллиард 506 миллион сўмлик синтетик гиёҳвандлик воситаси топилди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

тфклўешл

Қайд этилишича, «Қора дори — 2025» тадбири доирасида Чилонзор туманида жойлашган мавзелардан бирида Станислав исмли шахс қўлга олиниб, унинг ёни холислар иштирокида кўздан кечирилган ҳамда ундан 5 грамм гиёҳвандлик воситаси топилган.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яшаш манзили ҳам холислар билан кўздан кечирилган. Айнан мана шу хонадонда гиёҳвандлик воситалари сақланаётганлиги аниқланган. Мебелнинг тагидан 3 дона қора пакетнинг ичида оқ рангли кукунсимон модда, кўк рангли изолентага ўралган кукунсимон моддалар, электрон тарозилар, зип-пакетлар аниқланган.

Тезкор тадбир натижасида 6 минг инсонни заҳарлаши мумкин бўлган, баҳоси 1 миллиард 506 миллион сўмлик 1 килограмм 805 грамм синтетик гиёҳвандлик воситаларининг тарқалиши олди олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.