Тўй ортидаги ҳийла: Эрон Нетаняҳунинг ёлғонига алданди

21:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Бинямин Нетаняху ўғлининг тўйини баҳона қилиб, Эрон раҳбариятини стратегик операция олдидан чалғитишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Netyaxu

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху «Уйғонган шер» ҳарбий операцияси арафасида Эронни чалғитиш учун оилавий тантанадан фойдаланди. У бир неча кун олдин ўғли Авнернинг 16 июнга режалаштирилган никоҳи муносабати билан таътилга чиққанини эълон қилди.

The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, бу баёнот Теҳрондаги ҳукуматни нотўғри фикрга олиб келиш мақсадида берилган. Чунки Эрон раҳбарияти 17 июндан олдин ҳеч қандай зарба бўлишига ишонмаган.

Мақолага кўра, Нетаняхунинг шахсий ҳаётидаги воқеликдан стратегик ҳийла сифатида фойдаланилган. Ҳатто турмуш ўртоғи Сара ва ўғли Авнер ҳам тўй қолдирилишидан бехабар бўлган. Бош вазир ўзини одатдагидек тутиб, Эрон томонини алдашга эришган.

Бундан ташқари, Исроил ва Америка оммавий ахборот воситаларида Трамп ва Нетаняху ўртасида зиддият мавжудлиги, АҚШ Эронга қарши зарбага рози эмаслиги каби хабарлар тарқатилган. Ушбу ахборот ҳам кампаниянинг бир қисмига айланган.

19 июн куни Нетаняху Эроннинг Исроилга ракета зарбалари ҳақида фикр билдириб, «менинг оилам ҳам шахсий тўлов тўлади, чунки ўғлим тўйини иккинчи марта қолдиришга мажбур бўлди», деб айтган.