Хонадондан топилган наркотик ва укасини сотувга қўйган ака — 27 июн дайжести

22:00 | 7 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest 27

Ўзбекистон аҳолисининг деярли 39 фоизи ўтган йили жамғарма тўпламаган

Ўзбекистон Марказий банкининг сўров натижаларига кўра, 2024 йилда аҳолининг 39 фоиздан зиёди ҳеч қандай молиявий жамғарма тўпламаган. Жамғарма қилиш кўникмалари ҳудуд, таълим даражаси ва бандлик ҳолатига қараб сезиларли фарқ қилмоқда. Масалан, Қорақалпоғистонда жамғарма қилмаганлар улуши 54 фоизни ташкил этса, Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 25 фоиздан ошмаган.

Олий маълумотли фуқароларнинг 73 фоизи маълум даражада жамғармага эга бўлса, таълим даражаси пастлар орасида бу кўрсаткич анча паст. Энг фаол жамғарадиган гуруҳ сифатида талабалар қайд этилган. 2025 йил 1 июн ҳолатига кўра, банклардаги умумий депозитлар 345,6 трлн сўмдан ошган, шундан 134,5 трлн сўми жисмоний шахсларга тегишли.

Тошкентда 13 ёшли бола 3 ёшли укасини OLX’да сотувга қўйди

Тошкент шаҳрида 13 ёшли бола ўзининг 3 ёшли укасини OLX онлайн платформада “сотиш” мақсадида эълон жойлаштирди. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Тезкор-қидирув ҳаракатлари давомида эълон Учтепа туманида яшовчи бола томонидан “ҳазил” тариқасида, тарбиялаш мақсадида жойлангани маълум бўлди.

Болалар омбудсмани буни болаларча ҳаракат, бироқ оғир оқибатларга олиб келувчи ҳолат сифатида баҳолади. Воқеа болалар онги, ота-она назорати ва онлайн платформаларда хавфсизлик масаласини яна кун тартибига олиб чиқди. Ҳозирда Учтепа тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Fitch Ўзбекистон суверен рейтингини «BB-»дан «BB»га янгилади

Fitch халқаро рейтинг агентлиги 2025 йил июнда Ўзбекистоннинг чет эл валютасидаги суверен кредит рейтингини «BB-»дан «BB» даражага оширди.

Унга кўра, Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ЯИМнинг 32 фоизини ташкил қилмоқда, валюта захиралари эса 49,7 млрд долларга етган. Бу ҳужжат мамлакатнинг ташқи молиявий барқарорлиги ва халқаро қарз бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаб, инвестиция оқимларини кенгайтириш имкониятини яратади.

Агентлик ўз қарорини ислоҳотлар жадаллиги ва ўрта муддатли истиқболда иқтисодий ўсиш барқарорлиги туфайли макроиқтисодий хавфларнинг жиловланиши ва таркибий  кўрсаткичларининг доимий яхшиланиши кутилмаларига боғлаган. Fitch ислоҳотлар пул-кредит сиёсатининг ишончлилиги ва самарадорлигини ошириш, хусусийлаштириш режалари фаоллиги ва давлат муассасаларининг шаффофлигини кучайтириш чораларини ўз ичига олади, деб ҳисобламоқда. Шунингдек, энергия тарифининг либераллаштирилиши ва субсидиялаш камайтирилиши 2024 йилда молиявий кўрсаткичларнинг кутилгандан яхшироқ бўлишига хизмат қилгани таъкидланган

Фарғонада 7 кишини Англияга ишга юбормоқчи бўлган «уддабурон» ушланди

Фарғона вилоятида хусусий корхона раҳбари Англияга ишга жўнатиш ва виза ҳужжатларини расмийлаштиришни ваъда қилиб, камида 7 нафар фуқаронинг ишончига кириб, жами 10 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган. У фуқароларга чет элда иш ташкил қилиб бериш баҳонасида катта суммада пул олгани аниқланиб, ашёвий далиллар билан ушланган.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълумотига кўра, “E.V.” МЧЖ раҳбари Ж.Р. ҳибсга олинган ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича иш қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкентдаги хонадондан 6 минг инсонни заҳарлаши мумкин бўлган 1,5 млрд сўмлик наркотик топилди

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида яшовчи фуқаронинг уйидан 1 миллиард 506 миллион сўмлик синтетик гиёҳвандлик воситаси топилди. ИИбга кўра, Чилонзор туманида жойлашган мавзелардан бирида Станислав исмли шахс қўлга олиниб, унинг ёни холислар иштирокида кўздан кечирилган ҳамда ундан 5 грамм гиёҳвандлик воситаси топилган. Шунингдек, хонадонда гиёҳвандлик воситалари сақланаётганлиги аниқланган.

Тезкор тадбир натижасида 6 минг инсонни заҳарлаши мумкин бўлган, баҳоси 1 миллиард 506 миллион сўмлик 1 килограмм 805 грамм синтетик гиёҳвандлик воситаларининг тарқалиши олди олинган.