Лукашенко Мирзиёевга: «Биз сизни кутяпмиз!»

10:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Минскда бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий иттифоқи саммитида Беларус раҳбари Александр Лукашенко яна Ўзбекистонга очиқча мурожаат қилди.

Lukashenka

Беларус президенти Александр Лукашенко Минскда ўтказилган Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) саммитида яна Ўзбекистонни тузилмага тўлиқ аъзо сифатида киришга чорлади. Унинг сўзларига кўра, ЕОИИ давлатлари Ўзбекистонни «ҳамиша дўст ва яқин иттифоқчи» сифатида кўради ва аъзо сифатида қабул қилишга тайёр.

«Сиз ЕОИИнинг қадрдон дўстисиз. Биз сизни иттифоқимизнинг тўлақонли аъзоси сифатида кўришни ҳамиша интизорлик билан кутамиз. Бундан хурсанд бўламиз», — деди Лукашенко Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб.

Ўзбекистон 2020 йилдан бери ЕОИИда кузатувчи мақомига эга. Аммо мамлакат ҳозирча тузилмага тўлиқ қўшилишдан тийилиб турибди. Сабаби — иттифоқ доирасидаги савдо, божхона ва меҳнат бозорига оид чекловлар Ўзбекистон иқтисоди учун етарлича фойда бермаслиги ҳақидаги хавотирлардир.

Кўплаб мустақил таҳлилчилар фикрича, ЕОИИга аъзо бўлиш Ўзбекистонни Россия иқтисодий таъсирига яқинлаштириши, миллий ишлаб чиқариш ва бозорларини муҳофаза қилишда муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли, расмий Тошкент бу масалада эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда.

Маълумот учун, Лукашенко бир неча бор Ўзбекистонни ЕОИИга қўшилишга даъват этган.

26 июн куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Беларус Республикасига борганди. Давлат раҳбари 27 июн куни Минск шаҳрида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат раҳбари мақомида иштирок этди.