Маргарита Симоняннинг «YouTube қотили» лойиҳаси барбод бўлди

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Маргарита Симонян раҳбарлигидаги Russia Today таркибидаги «ТВ-Новости» агентлиги томонидан ишга туширилган «Платформа» видеоҳостинг лойиҳаси муваффақиятсизликка учради.

Margarita

Бу лойиҳа YouTube’га рақобатчи бўлишни мақсад қилган эди, аммо ҳатто Россиядаги 1000 та энг оммабоп сайт рўйхатига ҳам кира олмади.

«Система» таҳлил маркази маълумотларига кўра, «Платформа» сайти кунлик фақат бир неча ўн минг фойдаланувчи трафигини кўрмоқда. Бу кўрсаткич RuTube’нинг 7 млн ва YouTube’нинг юз миллионлаб аудиторияси билан таққослаганда жуда паст. МТС’нинг Nuum видеохостинги ҳам 70 минг кунлик фойдаланувчи тўплаб, ёпилишга мажбур бўлган эди, «Платформа» эса ундан ҳам ёмон натижа кўрсатмоқда.

Similarweb маълумотларига кўра, «Платформа» Россия сайтлари орасида 1754-ўринда турибди. Янги видеолар камдан кам ҳолларда 5 минг кўришдан ортиқ натижа қайд этмоқда. RT аккаунтларидаги обуначилар сони ўнлаб одамдан ошмайди, Симоняннинг шахсий каналида эса атиги 320 обуначи бор ва у охирги видеони икки ой олдин жойлаштирган.

Платформада асосий трафик пират контенти — спорт трансляциялари, филмлар ва сериаллар ҳисобига шаклланмоқда. Бу натижалар фонида лойиҳа раҳбарияти ребрендинг ва сервисни қайта ишга туширишни эълон қилди. Улар пират контентни вақтинча ёпиш ва мобил илова яратиш устида иш олиб бораётганини билдирди.

Лойиҳа 2024 йил июнида ишга туширилган ва 4К сифатда видеолар, субтитрлар ва Shorts форматда қисқа роликлар таклиф қилишни мақсад қилган. Аммо платформада монетизация йўқ ва модерация «аксилроссия» контентни чеклаб қўйган.