Ўзбекистон помидор бозорида Туркманистонга мағлуб бўляпти: экспорт 4 йилдирки пасаймоқда

08:00 | 2 дақиқада ўқилади.

2025-йилнинг январ–апрел ойларида Ўзбекистоннинг иссиқхонада етиштирилган помидорлари экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизга камайган.

Pomirdor

Бу ҳақда EastFruit маълумот берди. Таъкидланишича, экспорт ҳажми кетма-кет тўртинчи йил айнан ушбу даврда қисқаришда давом этмоқда.

EastFruit таҳлилчиларига кўра, экспортнинг барқарор пасайишига асосан Ўзбекистон томонидан анъанавий равишда етказиб бериладиган асосий бозорларда Туркманистон помидорларининг жадал кенгайиши таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистон 2025-йилнинг дастлабки тўрт ойида 8,9 минг тонна иссиқхона помидорини экспорт қилган. 2021-йилнинг шу даврида экспорт энг юқори чўққисига чиққан, сўнгги тўрт йилда эса экспорт ҳажми 3,5 баробар камайган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон иссиқхона помидорлари экспортининг пасайишига қўшимча сабаб сифатида Россия рублининг қадрсизланиши ва бу давлат бозорида харид қобилиятининг пасайиши ҳам қайд этилган.

EastFruit, шунингдек, Туркманистонда иссиқхона хўжаликларининг фаол кенгайиши, ишлаб чиқариш ҳажмининг тез суръатларда ўсиши ва Туркманистон помидорларининг бозори Ўзбекистон иссиқхона помидорларининг 90 фоиздан кўпроғи экспорт қилинадиган мамлакатларда —Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияда ғоят тез кенгайиши ҳақида кўплаб ҳисоботлар ҳам эълон қилган.