Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари валиаҳд шаҳзодаси, Абу-Даби Ижроия кенгаши раиси Холид бин Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
«Ҳозиргина Ўзбекистон президенти билан учрашувимиз якунланди — у матбуотсиз, ишчи тарзда ўтди ва биз жорий ишларимиз, яқин келажакдаги режаларимиз ҳақида суҳбатлашдик. Иккинчи учрашув БАА валиаҳд шаҳзодаси билан бўлди, у билан ҳам икки томонлама муносабатларимиз тўғрисида фикр алмашгандик. Табиий равишда, ҳар иккала учрашувда ҳам Украина йўналишидаги вазият ва Яқин Шарқдаги аҳвол муҳокама қилинди», — деди Путин журналистлар билан учрашувда.
Россия етакчисининг таъкидлашича, у Ўзбекистон президенти билан бошқа масалалар қаторида эҳтимолий йирик инвестиция лойиҳалари бўйича фикрларни мувофиқлаштириш имконига эга бўлган.
«Менинг фикримча ҳам, Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг фикрича ҳам, буларнинг барчаси амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалардир. Гап энергетика, жумладан, атом энергетикаси соҳалари, инфратузилма лойиҳалари, металлургия саноати ҳақида бормоқда. Умуман олганда, бу ерда шундай жиддий масалалар борки, улар ҳукуматларимиз томонидан анча вақтдан бери муҳокама қилиниб келинмоқда ва биз уларни амалга оширишга аста-секин яқинлашмоқдамиз», -деган Путин.