Россия Арманистонга огоҳлантириш хати тайёрламоқда

08:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия Арманистон Евроиттифоқ билан яқинлашишга оид ҳаракатлари Евроосиё иқтисодий иттифоқи қоидаларига зид эканини билдирди. Москва Ереванга бу борада расмий хат юборишни режалаштирмоқда ва эҳтимолий чоралар кўрилиши мумкинлигини аниқ айтди.

Aleksey avenchuk

Россия Арманистон учун хат тайёрламоқда. Унда Арманистоннинг Европа Иттифоқи билан яқинлашиш бўйича қабул қилган меъёрлари Евросиё иқтисодий иттифоқи (EОИИ) қоидаларига зид эканлиги қайд этилади. Бу ҳақда Россия Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук ТАСС саволига жавоб берар экан маълум қилди.

«Мен ҳамкасбим Мгер Гербертович (Арманистон Бош вазири ўринбосари Григорян) номига хат имзолашга тайёрланмоқдаман. Унда бизнинг нуқтайи назаримиздан, бу ҳаракатлар Евросиё иқтисодий иттифоқи меъёрларига зид эканлиги таъкидланади», — деди Оверчук.

«Биз тегишли чораларни қўллаш масаласини кўриб чиқамиз», — дея огоҳлантирди Россия Бош вазири ўринбосари.

Унинг айтишича, Россия Федерацияси «Арманистоннинг Европа Иттифоқи билан яқинлашуви доирасида содир бўлаётган жараёнларни кузатмоқда». Арманистон Республикасининг қонунчилик базасида сертификатлаштириш қоидаларининг айримларини соддалаштирувчи норматив ҳужжатлар пайдо бўлаётгани қайд этилган.

Оверчук аниқлик киритиб, масалан, «Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлардан келтирилган озиқ-овқат маҳсулотларини сертификатлаштиришнинг баъзи қоидалари соддалаштирилиши Евросиё иқтисодий иттифоқининг ички бозорига унинг талабларига жавоб бермайдиган товарлар кириб келиши мумкинлигини англатади», — деди.

«Арманистон парламенти Арманистоннинг Европа Иттифоқига қўшилиш интилишини эълон қилувчи қонунни қабул қилган… Биз Арманистонда бу йўналишда содир бўлаётган воқеаларни синчковлик билан кузатиб бормоқдамиз. Шубҳасиз, биз ҳар доим Арманистон халқининг танловини ҳурмат қиламиз, бироқ шу билан бирга, тушунмоқдамизки — буни ҳозирда Никол Пашинян ҳам тасдиқлаган —Арманистоннинг бир вақтнинг ўзида ҳам Евроосиё иқтисодий иттифоқида, ҳам Европа иттифоқида бўлиши мумкин эмас», — деди Оверчук.