Россиянинг Украинада тасдиқланган йўқотишлари 115 мингдан ошди

14:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Россиянинг Украинадаги ҳарбий йўқотишлари 115 минг 857 нафарга етди. Бу ҳақда BBC рус хизмати ва «Медиазона» очиқ манбалар орқали юритган номма-ном рўйхатга таяниб хабар берди.

Ulim

Биргина 13–27 июн кунлари орасида йўқотишлар рўйхати яна 2421 нафар аскар билан тўлди. Журналистлар кунига ўртача 150–170 нафар ҳалок бўлганлар ҳақида некролог қайд этмоқда — бу аввалги йиллардан анча юқори кўрсаткич.

Йўқотишларнинг ярмидан кўпи уруш бошлангандан кейин шартнома имзолаган аскарлардир. Улар орасида камида 240 нафар 18 ёшли йигитлар бор, улар мактабдан кейин тўғри фронтга йўлланиб, қисқа вақт ичида ҳалок бўлишган.

Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) маълумотларига кўра, уруш бошидан Россиянинг умумий йўқотишлари 1 млн кишига яқинлашиб, 250 минг киши ҳалок бўлган. Британия разведкаси эса Россиянинг 500 минггача аскари ё ўлдирилгани, ё бедарак йўқолгани ёки оғир яраланиб сафдан чиқарилганини билдирган.

Шу билан бирга, АҚШ расмийлари баҳосига кўра, 2024 йил январидан 2025 йил апрелигача Россиянинг фронтдаги йўқотишлари 400 мингдан ошган. Шу даврда россияликлар 4700 км² Украина ерини эгаллаган, ҳар километр квадрат учун эса ўртача 84 аскар қурбон бўлган.