Telegram мессенжери орқали гиёҳвандлик воситалари савдосини амалга оширувчи наркодўконнинг 5 нафар аъзоси қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХ ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ижара асосида яшаб келаётган, Telegram мессенжери орқали гиёҳвандлик воситалари савдосини амалга оширувчи наркодўконнинг 5 нафар аъзоси қўлга олинган.
Улар 400 гр «Альфа-ПВП» синтетик наркотик моддасини 0,3 граммдан қадоқлаган ҳолда Андижон вилоятидаги мижозларга етказиш мақсадида олиб кетаётганликлари маълум бўлган.
Хабарга кўра, қўлга олинган шахсларнинг кўрсатмаси асосида, улар томонидан Андижон вилоятидаги 53 та хуфия жойга жойлаштирилган ҳар бири 0,3 граммдан бўлган «Альфа-ПВП» синтетик гиёҳвандлик воситаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур наркодўкон оператори вазифасини бажарувчи, Андижон вилоятининг Избоскан туманида яшовчи, 2003 й.т. шахс Янгиҳаёт тумани ҳудудида ушланиб, унга тегишли автомашинанинг юкхонаси ва салон қисмидан 986 гр “гашиш” моддаси ҳамда 7 кг “Альфа-ПВП” синтетик гиёҳвандлик воситаси олинган.
“Таъкидлаш лозимки, наркогуруҳ аъзолари мамлакатимизга контрабанда йўли билан келтирилган гиёҳвандлик воситаларини Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Бухоро вилоятларида сотиш билан шуғулланишган. Ҳозирда уларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», -дейилади хабарда.