27 июн куни АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил ва ҲАМАС ўртасида яқин ҳафта ичида Ғазода ўт очиш тўхтатилиши мумкинлигини маълум қилди. Трамп журналистлар билан суҳбатда музокараларга алоқадор айрим шахслар билан гаплашганини айтди, бироқ аниқ ким билан мулоқот қилганини очиқламади.
Ал Жазира телеканали таҳлилчиси таъкидлашича, бу баёнот Ғазо аҳолиси учун умидли янгилик бўлиши мумкин, аммо ҳозир минтақада ҳеч қандай расмий музокара олиб борилаётгани кузатилмаяпти. Исроил урушни тўхтатишни муҳокама қилишдан ҳозирча бош тортмоқда ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бу йўлда сиёсий хавфга дуч келиши мумкин.
ҲАМАС эса ўт очишни тўхтатиш учун Исроилнинг Ғазодан чиқишини ва АҚШ томонидан кафолат берилган, барқарор музокаралар бўлишига ишонч талаб қилмоқда.
Трампнинг баёноти Ғазода қон тўкилишлар авжига чиққан, Исроил армияси гуманитар ёрдам излаётган фуқароларни ўққа тутаётгани ҳақидаги айбловлар тобора кўпайган бир пайтга тўғри келди. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, май ойидан буён АҚШ ва Исроил қўллаб-қувватлаётган ёрдам тарқатиш нуқталари яқинида 550 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш «одамлар фақат оиласини боқиш учун ҳалок бўляпти, озиқ-овқат излаш ҳеч қачон ўлимга олиб келмаслиги керак», деб баёнот берди. Чекларсиз Тиббиёт (MSF) ташкилоти эса вазиятни «инсонпарварлик ёрдами ниқобида қирғин» деб атади.
Айни пайтда Трамп маъмуриятида Ғазо бўйича махсус вакил Стив Уиткоффнинг офиси Ғазода ўт очиш тўхташи бўйича аниқ маълумот мавжуд эмаслигини маълум қилди. Исроил расмийлари эса фақат ҳарбий ҳаракатлар орқали Ғазода сақланаётган асирларни қайтариш мумкинлигини таъкидламоқда.
Исроилнинг Стратегик ишлар вазири Рон Дермер келаси ҳафта Вашингтонда Трамп маъмурияти билан Ғазо, Эрон ва Нетаняҳунинг эҳтимолий сафари юзасидан музокаралар ўтказиши кутилмоқда.