Чорвоққа кондиционерли автобусда атиги 25 минг сўмга бориш мумкин

21:00 | 2 дақиқада ўқилади.

1 июлдан бошлаб Тошкент — Чорбоғ (Ҳумсон қўрғони) йўналишида янги автобус қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти расман маълум қилди.

Chorvoq man

Йўналишда «MAN RR3» русумли, 47 ўриндиқли, кондиционер ва замонавий қулайликларга эга туристик автобуслар фаолият юритади. Йўл кира нархи 25 000 сўмни ташкил этади.

Биринчи автобус ҳар куни соат 6:00 да Машинасозлар метроси бекатидан йўлга чиқади. Қатновлар ҳар 1,5 соатда амалга оширилади. Йўлдаги умумий вақт 1 соат 30 дақиқани ташкил этади. Сўнгги автобус эса Чорбоғ томондан соат 20:30 да ҳаракатланади ва Машинасозлар метросига соат 22:00 да етиб келади.

Автобуслар Машинасозлар метросидан бошлаб, Махтумқули кўчаси, Янги Ўзбекистон боғи, Хожикент мавзеси ҳамда Чиноркент орқали Ҳумсон қўрғонигача ҳаракатланади.

Йўл ҳақини нақд пулда ёки банк карталари орқали тўлаш мумкин. Мазкур қатновлар аҳоли ва сайёҳлар учун Чорбоқ йўналишини янада қулай ва хавфсиз этиши кутилмоқда.