Ҳокимлик, пенсия жамғармаси ва ғазначилик ойлик маошлари вазирлик ходимлари ойликлари билан тенглаштирилади

14:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 26 июндаги ПФ-105-сон Фармонига кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг ойлик маошлари 1 августдан бошлаб оширилиши белгиланди.

маошлар

Фармонда белгиланишича, ойлик маошларни ошириш билан боғлиқ барча харажатлар давлат томонидан қоплаб берилади. Бу орқали маҳаллий ҳокимият тизимида ишловчи ходимларнинг моддий рағбатлантирилиши кўзда тутилган.

Иқтисод ва молия тизимида яна бир қатор янгиликлар жорий этилади. Хусусан, рақамлаштириш, «яшил» технологиялар, энергия самарадорлиги ва тиббий суғурта тизимини такомиллаштириш мақсадида 92 та янги штат бирлиги ташкил қилинади. Шунингдек, сунъий интеллектуал технологияларга ихтисослашган лойиҳа офислари ташкил этилади. Бу тузилмалар Ғазначилик ва Пенсия жамғармаси таркибида фаолият олиб боради.

Ғазначилик қўмитаси раҳбариятида ҳам янги ўзгаришлар бўлади. Жумладан, рақамли трансформация бўйича раис ўринбосари лавозими жорий этилади. Бу рақамлаштириш жараёнларини янада тезлаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, Пенсия жамғармаси ва Ғазначилик қўмитасининг марказий аппарати ходимлари учун ҳам муҳим янгилик — уларнинг ойлик маошлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ходимлари ойликлари билан тенглаштирилади.

Бу ислоҳотлар ходимлар меҳнатини муносиб баҳолаш, тизим самарадорлигини ошириш ва рақамлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришга хизмат қилади.