Италия ва Испанияда иссиқ бўйича қизил хавф даражаси эълон қилинди

19:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Жанубий Европада иссиқ тўлқини кучаймоқда, аҳоли эҳтиёт бўлишга чақирилмоқда.

Spain'

Италия ва Испанияда жазирамали об-ҳаво туфайли бир қатор йирик шаҳарларда қизил хавф даражаси жорий этилди. Жумладан, Италияда Рим, Милан ва Неапол каби 17 та шаҳар қамраб олинган. Мамлакатнинг Лацио, Тоскана, Апулия, Калабрия ва Умбрия минтақаларида расмийлар иш вақтида вақтинча танаффус жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Италия Соғлиқни сақлаш вазирлиги иссиқ ҳаво айниқса ёши катталар ва болалар учун хавфли эканини таъкидламоқда. Римдаги сайёҳлар соя жойларда пана қилишга ҳаракат қилмоқда, кўча сотувчилари эса совуқ ичимликлар билан хизмат кўрсатмоқда.

Испанияда ҳам AEMET — давлат метеорология хизмати жорий июн ойи кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ойга айланиши мумкинлигини билдирган. Жумладан, мамлакат жанубидаги Севилья ва бошқа шаҳарларда ҳаво ҳарорати 42 даражагача кўтарилган. Маҳаллий аҳоли ва сайёҳларга камроқ жисмоний ҳаракат қилиш ва кўпроқ сув ичиш тавсия қилинмоқда.

Шу каби иссиқ тўлқинлар Греция ва Португалияда ҳам кузатилмоқда. Мутахассислар бу ҳолат глобал иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ эканини қайд этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 17–19 июн кунлари Ўзбекистонда ҳам Жанубий ҳаво оқимлари таъсирида ҳаво ҳарорати 43–44 даражагача кўтарилган эди.