Жанубий Корея ва Марказий Осиё саммити 2026 йилга қолдирилди

18:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Сиёсий беқарорлик туфайли саммит муддати ўзгартирилди.

Sammit

2025 йилда ўтказилиши режалаштирилган «Марказий Осиё – Жанубий Корея» давлатлари саммити 2026 йилга қолдирилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги Жанубий Корея расмий манбаларига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, ушбу қарор мамлакат Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Пак Юн Чжу томонидан парламентдаги Халқаро ишлар қўмитаси йиғилишида тасдиқланган. Саммитнинг кечиктирилишига мамлакатдаги сиёсий беқарорлик ва раҳбариятдаги ўзгаришлар сабаб бўлган. Хусусан, собиқ президент Юн Сок Йол томонидан ҳарбий ҳолат жорий этишга қилинган уриниш мамлакатда муддатидан олдин сайловлар ўтказилишига олиб келган.

«Барча тегишли ҳолатларни, жумладан, ички кун тартибимизни ҳисобга олган ҳолда, саммит учун 2025 йил давомида мос сана таклиф қилиш қийин бўлди», — деган Пак Юн Чжу.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил июнида Юн Сок Йол Марказий Осиё мамлакатларига расмий ташриф буюрган ва Тошкент, Ашхобод, Остона, Бишкек ҳамда Душанбе раҳбарлари билан «Марказий Осиё — Корея» форматидаги илк саммитни ташкил этиш, уни 2025 йилда Сеулда ўтказишга келишиб олинган эди.

Бироқ 2025 йил июнида мамлакатда юз берган сиёсий вазият туфайли «Тобуро» Демократик партиясидан номзод Ли Чже Мён янги президент этиб сайланди. Ҳозирча саммитнинг аниқ санаси маълум қилинмаган.