Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон чарм маҳсулотлари Хитой бозоридаги иштирокини кенгайтиришга келишилди. Шу мақсадда вазир ўринбосари Хуррам Тешабоев ва Хитой Чарм саноати уюшмаси раиси ўринбосари Лиу Суилун учрашув ўтказишди.
Музокаралар давомида томонлар саноат кооперациясини ривожлантириш, хусусан, Андижон ва Оҳангарондаги кичик саноат зоналарида пойабзал ҳамда чарм-галантерея маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Келгусида халқаро брендлар талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун Хитойдан технолог ва дизайнер мутахассисларни Ўзбекистонга жалб этиш режалаштирилмоқда. Бу эса маҳсулот сифатини ошириш ва дунё бозорида рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилиш борасида қадамларни белгилаб олишди. Шунингдек, 20 тадан ортиқ ҳамкорлик келишувларига эришилди.