Ташрифдан асосий мақсад — ўзбек маҳсулотларини Карачи порти орқали экспорт қилиш имкониятларини кенгайтириш, логистика шарт-шароитларини яхшилаш ва янги ҳамкорлик йўлларини ишлаб чиқишдир. Карачи порти Покистоннинг энг йирик денгиз порти ва Жанубий Осиёдаги муҳим логистика марказларидан бири ҳисобланади.
Учрашувлар давомида Ўзбекистон делегацияси порт маъмурияти ва логистика компаниялари билан музокаралар олиб борди. Улар божхона, транзит ва юк ташиш жараёнлари бўйича зарур маълумотларга эга бўлди. Порт раҳбарияти ўзбек маҳсулотларини қабул қилиш ва қайта юклаш учун барча инфратузилмалар тайёр эканини таъкидлади.
Музокараларда ўзбек товарлари учун порт ҳудудида махсус омбор ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Бу таклиф маҳсулотларни вақтинча сақлаш, транзит жараёнларини енгиллаштириш ва логистика харажатларини камайтириш имконини беради. Шу орқали ўзбек маҳсулотларининг халқаро бозорларга чиқиши тезлашиши кутилмоқда.
Порт маъмурияти ўзбек тўқимачилик, мева-сабзавот, чарм, кимё ва қурилиш материалларига катта қизиқиш билдирди ва уларнинг халқаро рақобатбардошлигини алоҳида қайд этди. Шунингдек, тадбиркорларга контейнер парки, рақамлаштирилган божхона ва юк кузатув тизимлари ҳақида ҳам кенг маълумотлар берилди.
Карачи портига ушбу ташриф Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда янги экспорт дарвозаларини очишда муҳим қадам бўлди. Савдо-саноат палатаси бу йўналишда амалий ишлар бошланганини маълум қилди.