27 июн куни Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ташкил этилган очиқ мулоқотда Давлат солиқ қўмитаси раҳбари Шерзод Қудбиев бу масала ҳақида тўхталди. Унинг сўзларига кўра, тадбиркорлар юқори солиқ юкидан кўра кўпроқ ҳисоб-китоб қилиш ва тўлаш жараёнининг мураккаблиги билан қийналмоқда.
Мулоқотда ресторанлар соҳаси вакиллари, жумладан Smart Group асосчиси Санжар Мақсудов ҳам қатнашди. У ресторанлар ва кичик бизнесда ҚҚС кешбэк тўловларидаги муаммолар ИКПУ кодларини нотўғри кўрсатиш билан боғлиқлигини қайд этди. Шу билан бирга, у кичик корхоналар учун солиқ ҳисобини юритишдаги қийинчиликлар ва ҚҚС тўлаш чегарасини ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Шерзод Қудбиев мазкур фикрларга қўшилиб, фойда солиғи ҳисоб-китобида ҳақиқатан ҳам муаммолар борлигини тан олди. Унинг таъкидлашича, Солиқ қўмитаси мутахассислар билан биргаликда фойда солиғи ва ҚҚС ҳисоб-китобини енгиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқмоқда.
«Кичик бизнес орасида ҚҚС ва фойда солиғи бўйича ҳисоботларни топширишда соддалаштирилган тартибга эҳтиёж бор. Бу йўналишда иш олиб бормоқдамиз ва таклифлар тайёр бўлганда уларни эълон қиламиз», — деди Қудбиев.
Айни пайтда, корхоналарда ҳисоб-китоб тизимини соддалаштириш орқали бизнеснинг «сояда» эмас, очиқ фаолият юритишига йўл очиш мақсад қилинаётгани таъкидланмоқда.