Украина Қуролли кучлари маълумотига кўра, Россия ҳужумда 477 та Shahed дрони ва 60 та турли хил ракеталардан фойдаланган. Улар орасида 7 та «Искандер», 4 та «Кинжал» гипертовушли ракетаси, 41 та Х-101 ва 4 та «Калибр» қирувчи ракета, шунингдек, 3 та С-300 зенит ракетаси бор эди. Украина томони 475 та ҳаво ҳужум воситасини йўқ қилишга эришди.
Ҳужум натижасида Черкасск, Запорижжя, Харкив, Миколайив, Лвив областларига талафот етган. Черкасск области Смела шаҳрида учта тўққиз қаватли уй ва маҳаллий коллеж биноларига шикаст етди. Олти киши, жумладан бир бола жароҳатланди. Полтава областида темир йўл инфратузилмасига зарар етди, Полтава-Жанубий вокзалида тўсиқлар қулади, омборхоналарда ёнғин келиб чиқди.
Харкив областида дрон ҳаракатдаги автомобилни урди, 60 ёшли эркак ҳалок бўлди, яна бир киши жароҳат олди. Миколайивда инфратузилма ва омборлар зарар кўрди. Запорижжяда корхона бинолари шикастланди. Лвив областида саноат инфратузилмасида ёнғин юз берди.
Авиаҳужум вақтида F-16 учувчиси, 32 ёшли подполковник Максим Устименко ҳаётдан кўз юмди. У еттита ҳаво ҳужум воситасини йўқ қилган, лекин у сўнгги нишонни йўқ қилиш чоғида самолётига шикаст етиб, қулай бошлаганида катапултадан фойдаланишга улгурмаган.
Президент Володимир Зеленский бу ҳужумни изоҳлар экан, халқаро ҳамжамиятни Россияга босимни кучайтириш ва Украинага ҳаво мудофаа тизимларини тақдим этишга чақирди. У Россия ҳали-бери тўхтамаслигини ва агрессияни давом эттириш ниятида эканини таъкидлади.