Россиядаги стратегик бомбардимончи самолётлар заводи кенгайтирилмоқда

20:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Россияда ягона ҳарбий авиация корхонаси ишлаб чиқариш ҳажмини оширмоқда.

Kazan aviaciya

Россиянинг Қозон авиация заводи – стратегик самолётлар ишлаб чиқарувчи ягона корхона – сўнгги ойларда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга киришди. Финляндиянинг Yle нашри ёзганидек, сунъий йўлдош тасвирларида завод ҳудудида 19 минг квадрат метр майдонни эгаллаган янги ангарлар қурилаётгани аниқланган. Улардан энг йиригининг узунлиги 320 метрга етади.

Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг ўзида корхона майдонига минглаб квадрат метр янги ишлаб чиқариш инфратузилмалари қўшилган. Бу учун тахминан 90 млрд рубл (1 миллиард евро) сарфланган. Режага кўра, лойиҳа 2026 йил охирига қадар якунланади. Заводнинг имкониятларини кенгайтириш орқали Россия Украинадаги урушда йўқотган бомбардимончиларнинг ўрнини тўлдириш ва фуқаро авиацияси эҳтиёжларини таъминлаш ниятида бўлиши мумкин.

Қозон авиация заводи «Ту-160М” ва «Ту-160М2» каби стратегик самолётларни ишлаб чиқаради. Ушбу учиш аппаратлари Россия томонидан Украинага ракета зарбалари беришда фаол қўлланилмоқда. Шунингдек, завод «Ту-22М3» бомбардимончиларини модернизация қилиш билан ҳам шуғулланади.

Шу билан бирга, ҳарбий экспертлар корхонадаги ишлаб чиқариш суст кечаётганини таъкидламоқда. 2024 йилда завод Россия аэрокосмик кучларига фақат бир нечта модернизация қилинган самолёт етказиб берган. Бу эса санкциялар сабабли эҳтиёт қисмлар етишмовчилиги ва мутахассислар танқислиги билан боғлиқ.

Фуқаро авиацияси соҳасида ҳам ишлар секин кетмоқда: буюртма қилинган 23 та «Ту-214» самолётидан фақат биттаси тайёрланган. Украина махсус хизмати томонидан 1 июнь куни амалга оширилган «Ўргимчак тўри» амалиёти натижасида Россия бир қатор бомбардимончиларидан маҳрум бўлди. Шу боис Қозондаги заводни кенгайтириш зарурати янада ошган.