2024 йил 17 декабр куни Фарғона шаҳар Янгийўл маҳалласида жойлашган Petrolium автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида кучли портлаш ва ёнғин юз берган эди. оқибатда расмий маълумотга кўра, 4 киши вафот этган. Kun.uz’нинг ёзишича, портлаш билан боғлиқ жиноят иши судда кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилган.
2025 йил 24 июн куни чиқарилган суд ҳукмида келтирилишича, “Фарғона Лайли Нахор” хусусий корхонасига Мансур Маткаримов раҳбарлик қилиб келган. У 2024 йил август ойида белгиланган талабларга риоя қилмасдан, шохобча ҳудудига ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан машиналарга пропан газини тўлдириш ускуналарини ҳамда 1 дона 5 тонналик ва 2 дона 2,5 тонналик газ сақловчи контейнерларни ўрнатган. Қурилиш-монтаж ишларини ўзаро келишув асосида Маткаримовнинг таниши Баҳодир Тожиматов олиб борган.
Мансур Маткаримов 2024 йил декабр ойида пропан газини сотиш ҳуқуқини берувчи лицензияси мавжуд бўлмаса ҳам, “GTL Gaz” МЧЖдан оғзаки келишув асосида газ маҳсулотларини олиб, машиналарга сотиб келган. У 2024 йил 16 декабр куни “GTL Gaz” МЧЖдан қиймати 158 млн сўм бўлган 19,8 тонна пропан газини олган. Маҳсулот 2024 йил 17 декабр куни соат 12:45 да шохобча ҳудудига Фирдавс Норчаев бошқарувидаги юк машинасида олиб келинган. Пропанни қуйиш жараёнида 5 тонна ҳажмли контейнер ёрилган ҳамда газ ташқарига сизиб чиқиб, портлаш содир бўлган.
Бунинг оқибатида шохобча ҳудуди яқинига Cobalt машинасида келган Севара Юсупова ва унинг машинасида бўлган 4 ва 2 ёшли фарзанлари, шунингдек, 2006 йилда туғилган жияни вафот этган. Бундан ташқари, портлаш вақтида шу ҳудудда бўлган 9 киши турли даражада куйиш тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
ЖИБ Фарғона туман судининг ҳукми билан, Мансур Маткаримов Жиноят кодексининг 190-моддаси (лицензиядан олмасдан фаолият юритиш) 5-қисми, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “б” банди, 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми “а,б” бандлари ва 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а,б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилди.
Унга 3 йил тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Сохта ҳужжатлар тайёрлаб беришда айбланган икки судланувчи: Ўткир Мадаминов 4 йил-у 3 ой муддатга, Даврон Холматов эса 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Қурилиш ишларини бажарган Баҳодир Тожиматовга эса 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Уларнинг барчаси турли муддатларга давлат органи ҳамда давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Суд ҳукми билан Мансур Маткаримовдан 4 нафар қурбоннинг қонуний вакилларига 310 млн сўмдан жами 1 млрд 240 млн сўм маънавий зарар, 12 нафар фуқаровий даъвогарларга эса жами 2 млрд 358 млн сўм моддий зарар ундириш белгиланди.
Аввалроқ, Сурхондарёда содир этилган шов-шувли жиноятлар айбдорларига ҳукм ўқилгани ҳақида хабар берган эдик. Хусусан, бундан 3 йил олдин қишлоқлардан бирига 5 та снаряд отишда иштирок этган Обид Сапаров 16 йилга қамалганди. Қолаверса, Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Денов туман суди раиси маст ҳолда автомобил бошқариб, ЙТҲга учрагани, оқибатда унинг машинасидаги адвокат ҳалок бўлганига оид иш юзасидан ҳукм ўқилганди. Унга 5 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.