Боку шаҳрида «Sputnik Озарбойжон» раҳбарлари қўлга олинди

30.06.2025 22:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Озарбойжонда «Sputnik Озарбойжон» нашрининг бош муҳаррири Игор Картавих ва унинг ўринбосари Евгений Белоусов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинди. Уларга ноқонуний молиялаштириш орқали фаолият юритиш ва махфий хизмат билан алоқадорлик гумони қўйилмоқда.

Spunik

Боку шаҳрида Озарбойжон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан «Sputnik Озарбойжон» нашрига тегишли офисда тинтув ўтказилди. Тинтув давомида нашрнинг бош муҳаррири Игор Картавих ва бош муҳаррир ўринбосари Евгений Белоусов қўлга олингани маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, ушбу шахслар «ноқонуний молиялаштириш» билан шуғуллангани учун ушланган. Озарбойжон Ички ишлар вазирлиги эса «Sputnik Озарбойжон» агентлигининг фаолияти 2025 йил февралда расман тўхтатилганини, аммо шундан кейин ҳам фаолиятини ноқонуний равишда давом эттирганини маълум қилган.

Шунингдек, «Минвал» нашрининг ёзишича, ушбу икки шахс Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) ходимлари сифатида гумон қилинмоқда. Нашрнинг таъкидлашича, Игор Картавих ва Евгений Белоусов ФСБ агентлари бўлиб, улар Боку шаҳрида махфий фаолият юритган бўлиши мумкин.