Грэҳэмнинг айтишича, ўтган куни президент билан голф ўйнаётган вақтда Трамп «санкциялар масаласида олға силжиш вақти келганини» таъкидлаган. Сенаторнинг сўзларига кўра, Конгресс санкцияларга оид қонун лойиҳасини июл ойида кўриб чиқишни бошлайди. Унга кўра, Россияни қўллаб-қувватлаётган ёки Украинага ёрдам бермаётган давлатлардан импорт қилинадиган товарларга 500 фоизлик божлар қўйилиши кўзда тутилган. Бу чекловлар энг аввало Россия нефтини импорт қилаётган Хитой ва Ҳиндистон каби мамлакатларга қаратилган.
Грэҳэм қонун қабул қилинса, президент уни имзолашини тахмин қилмоқда. Унинг сўзларига кўра 100 нафар сенатордан 84 нафари мазкур қонуни қўллаб-қувватламоқда.
Бу ташаббус «2025 йилда Россияга қарши санкциялар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси доирасида амалга оширилади. Лойиҳа Россиянинг Украина бўйича музокаралардан бош тортгани ёки келишувларни бузгани баҳонасида янги чекловлар киритишни назарда тутади.
Ҳужжатда, шунингдек, АҚШ фуқароларига Россия давлат қарзи варақаларини сотиб олиш операцияларида иштирок этишни тақиқлаш таклифи ҳам бор. Шу йил июн ойида Трамп ушбу қонун лойиҳасини «жуда кучли» деб атаган, аммо санкциялар юзасидан якуний қарорни шахсан ўзи қабул қилишини таъкидлаган эди.