Трамп бу ҳақда Fox News телеканалидаги «Sunday Morning Futures» дастурида гапириб ўтди. У айтишига кўра, Хитой томонининг бу жараёнга рози бўлиши катта эҳтимол билан амалга ошади. «Менимча, раис Си ҳам буни маъқуллайди», — деди Трамп.
Шу билан бирга, АҚШ раҳбари харидорларнинг аниқ номларини очиқламади. У улар ҳақида одатий тарзда икки ҳафтадан сўнг маълумот беришини ваъда қилди. «Бу ҳақда тахминан икки ҳафтадан кейин айтаман», — деди Трамп.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил баҳорида АҚШ Конгресси палатаси TikTok’нинг америкалик фойдаланувчилар маълумотларини Хитой ҳукуматига узатиши хавфи борлиги сабабли унинг фаолиятини тақиқлаш ёки ByteDance компанияси таркибидан ажратиб чиқариш ҳақида қонун қабул қилган эди. Ижтимоий тармоқнинг АҚШдаги бўлимларини сотиш учун якуний муддат илк бор 19 январга белгиланган эди. Трамп президентликка қайтгач, бу муддатни аввал 5 апрелгача, сўнг яна 75 кунга узайтирди.
Трамп бу борада ўзининг тактик ёндашувини билдириб, «TikTok тўлиқ йўқолиб кетмаслиги керак. Биз Хитой ва TikTok билан келишувни амалга оширишга интилаяпмиз», — деб таъкидлади.