Исроилнинг Ғазодаги ҳаво ҳужумлари юзлаб оилаларни кўчиришга мажбур қилди

17:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Исроил ҳаво ҳужумлари Ғазо секторида юзлаб фаластинлик оилаларни ўз уйларини тарк этишга мажбур қилди. Ҳужумлар натижасида беш киши ҳалок бўлди, кўплаб аҳоли жароҳатланди.

Gazas

Ғазо секторида Исроил томонидан амалга оширилган навбатдаги ҳаво ҳужумлари юзлаб фаластинлик оилаларни кўчишга мажбур қилди. Гувоҳларнинг айтишича, ҳужумлар асосан Ғазо шаҳрининг зич аҳоли жойлашган Шужоия, Туффаҳ ва Зайтун туманларини нишонга олган.

Қутқарувчилар беш нафар фуқаронинг жасадини топган ва кўплаб яраланганлар Ал-Аҳли касалхонасига олиб кетилган. Зайтунда босқинчилар томонидан мактабга берилган зарба натижасида ҳам қочқин оилалар зиён кўрган.

Айни пайтда, Ғазо шаҳри ғарбидаги Ал-Шати қочқинлар лагерида берилган зарба беш кишининг ҳаётига зомин бўлди. Исроил мудофаа кучлари аввалроқ шимолий Ғазо аҳолисини ҳужумлар олдидан ўз уйларини тарк этишга чақирган эди.

Бироқ кўпчилик аҳоли Исроил томонидан кўрсатилган жанубий ҳудудларга эмас, балки Ғазо шаҳрининг ғарбий қисмларига қараб кўчган. Қочқинлардан бири, етти фарзанди бор Абеер Талбанинг айтишича, бу уларнинг еттинчи марта кўчишидир.

«Бизга араб тилидаги овозли қўнғироқлар орқали бу ҳудуд жанговар зона эканлиги ва дарҳол эвакуация қилиш кераклиги айтилди. Биз яна кўчадамиз, егулик йўқ, сув йўқ. Фарзандларим оч. Ўлим бу азобдан енгилдек туюлаяпти», — деди у.

Исроилнинг бу қадамлари кенг қамровли ер усти амалиётини янада чуқурлаштириш учун тайёргарлик қисми бўлиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар ортиб бормоқда. Айни вақтда, Исроилдаги баъзи генераллар ва собиқ армия раҳбарлари Ғазода ҳарбий мақсадлар деярли бажарилгани ҳақида фикр билдиришмоқда.

Аммо, уларнинг айтишича, уруш чуқурлашса, партизан услубидаги жангларга айланиши мумкин ва бу қурбонлар сонини кескин оширади. Бенямин Нетаньяхунинг кейинги қарорлари жаҳон ҳамжамияти томонидан диққат билан кузатилмоқда. У ички ва ташқи босимлар остида ўтишки тўхтатиш бўйича янги келишувни кўриб чиқишга мажбур бўлиши мумкин.