Кокаин ҳосили юқори даражага етиб, наркомания оммалашмоқда — БМТ ҳисоботи

21:00 | 3 дақиқада ўқилади.

БМТнинг сўнгги ҳисоботига кўра, 2023 йилда дунё бўйлаб 15 ёшдан 64 ёшгача бўлган 316 миллионга яқин киши мунтазам равишда наркотик моддалар истеъмол қилган. Бу — ер шари аҳолисининг тахминан 6 фоизини ташкил этади.

Cocaine

Маълум қилинишича, наркотик моддалардан фойдаланувчилар сони сўнгги ўн йилда изчил ўсиб бормоқда. 2013 йилда ер юзи аҳолисининг 5,2 фоизи наркотик истеъмол қилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 6 фоизга (316 миллион киши) етган.

Қайд этилишича, мазкур рақамлар 15 ёшдан 64 ёшгача бўлган аҳолини қамраб олган.

Кокаин ишлаб чиқариш ҳажми ҳам тарихий рекордни янгилади — 3708 тонна. Бу 2022 йилга нисбатан 30 фоизга кўп. Бу ўсиш, асосан, Колумбияда кокаин хомашёси сифатида ишлатиладиган буталарни экиш майдонларининг кенгайгани ва уларнинг ҳосилдорлиги 50 фоизга ошгани билан изоҳланмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, кокаиннинг асосий бозорлари — Шимолий Америка, Ғарбий ва Марказий Европа, ҳамда Жанубий Америка ҳисобланади. Мазкур минтақаларда наркотик моддаларга бўлган талаб барқарор юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Мутасаддилар бу глобал муаммо билан курашиш учун халқаро даражада ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлашмоқда. БМТ ушбу муаммони бартараф этишда таълим, тиббиёт ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларидаги ислоҳотларни муҳим деб ҳисоблайди.