Lactalis компанияси 5,3 млрд сўм миқдоридаги жаримага тортилганлиги ҳақида 27 июн куни хорижий компания вакили Дониёр Нажимиддинов тармоқ ва саноат уюшмалари раҳбарлари билан ўтказилган очиқ мулоқотда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, яқинда Lactalisда солиқ текшируви ўтказилган ва натижада бир нечта омборларда шиша идишга қадоқланган сув бўйича 1,5 млн сўмлик камомад аниқланган.
«Бизнинг умумий айланмамиз қарийб 1 трлн сўмни ташкил этади. Солиқчилар 1,5 млн сўмлик сув ноқонуний сотилган деб баҳолаб, Солиқ кодексининг 223 ва 227-1 моддалари, жумладан, товарларни мажбурий рақамли маркировка қилиш қоидаларини бузганлик учун 5,3 млрд сўм жарима қўллашди. Инвестор шок ҳолатида қолганини айтиш — бу вазит юзасидан ҳеч нарса демаслик», — деди у.
Бу ҳолатга жавобан Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Lactalis вакилига хорижий инвесторга «жазо ҳамма учун баробар» эканини етказишни тавсия қилди.
Нажмиддиновнинг таъкидлашича, Солиқ кодексида камомад автоматик тарзда мажбурий рақамли маркировка қоидаларини бузиш, деб баҳоланиши ҳақида нормалар йўқ. Илгари бундай ҳолларда солиқ органлари етишмаётган товарни сотилган деб баҳолаб, ҚҚС қўшиб чиқаришарди. Аммо рақамли маркировка жорий этилгандан кейин ёндашув ўзгарди: эндиликда камомад маркировка қоидаларини бузиш, деб баҳоланмоқда.
Lactalis вакили етишмовчилик бўйича жавобгарлик белгиланиши учун унинг миқдорий чегарасини белгилаш таклифини билдирди.
«Солиқчилар бизга шундай деди: агар ҳатто 1 сўмлик камомад аниқланса ҳам, сизга тўқима соф чораклик тушумингизнинг 2 фоизи миқдорида жарима қўллаймиз. Ҳозир эса бор-йўғи 10 та бутилка учун бизни чораклик тушумнинг 2 фоизлик жаримага тортяпти», — деб қўшимча қилди у.
Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев Lactalis компаниясига 1,5 млн сўмлик сув танқислиги учун рақамли маркировка қоидаларини бузди, дея айб қўйиш нотўғри эканини таъкидлади.
У Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармасига бу ишни алоҳида ўрганиш ва Lactalisга нисбатан акт тузган солиқ инспекторини чақиришни топширди.
«1,5 млн сўмлик камомад учун соф чораклик тушумнинг 2 фоизини миқдорида жарима қўлланиши ҳеч қандай чегарага сиғмайди», — дея хулоса қилди Солиқ қўмитаси раҳбари.
227-1 модда нима ҳақида?
227-1 модда янги таҳрирдаги Солиқ кодексига 2022 йил 11 мартда киритилган ва тасдиқлангандан уч ой ўтиб — 13 июн куни кучга кирган. Мазкур модда қуйидаги талабларни ўз ичига олади:
- фискал белгиларни акс эттириш ёки автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш;
- солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграцияни таъминлаш;
- ишлаб чиқарувчилар, импортчилар ва сотувчилар томонидан товарларни (алкогол ва тамаки маҳсулотлари, пиво, ичимликлар, газли сувлар, дори воситалари, маиший техника) мажбурий рақамли маркировка қилиш қоидаларини бузиш.
Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, 2022 йилда мазкур модда бўйича 254 та корхона жаримага тортилган бўлса, ўтган йили бундай жарималар сони 1083 тани ташкил этган.
227-1 моддани қўллаш амалиёти тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва солиқ маслахатчилари жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан танқид қилинган, деб ёзади Spot нашри.
2023 йил декабр ойи охирида бизнес вакиллари билан учрашувда Солиқ қўмитаси раис ўринбосари Алимжон Файзибоев модда 227-1 бўйича жарималарни кечириш (амнистия) ва биринчи марта бузилиш учун жаримани айланманинг 20 фоизигача камайтиришни кўзда тутувчи қарор лойиҳаси ишлаб чиқилганини маълум қилган. Унинг умумий суммаси 400 млрд сўмни ташкил этган.
2024 йил 13 февралда овқатланиш ва савдо соҳалари тадбиркорлари билан учрашувда ССП раиси Даврон Ваҳобов биринчи марта қоидаларни бузиш учун жарима миқдори 2 фоизгача камайтирилишини эълон қилган. Палата матбуот хизмати бу маълумотни тасдиқлаган.
2024 йил 27 февралда Шавкат Мирзиёев 227-1 модда бўйича жавобгарликни либераллаштиришга оид фармонни имзолаган. У санкцияларни юмшатишдан ташқари, олдин ҳисобланган 694 млрд сўмлик жарималарнинг 98 фоизини кечиришни кўзда тутади.
Солиқ қўмитаси раис ўринбосари Мубин Мирзаев 2024 йил май ойида Сенат йиғилишида модда 227-1 амал қилиши давомида 1519 та жарима қўлланилгани ва уларнинг умумий миқдори 735 млрд сўмга тенглигини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, уларни кечириш ва қайтариш масаласи 1 июнга қадар ҳал этилиши керак бўлган.
2024 йил май ойида президент модда 227-1 га ўзгартиш киритувчи қонунни имзолаган. Энди биринчи марта фискал қоидаларни бузганлик учун жарима соф чораклик тушумнинг 2 фоизини ташкил этади. Агар йил давомида қоида иккинчи марта бузилса, жарима миқдори 20 фоизгача кўтарилади.
2026 йилдан солиқ органлари маркировка соҳасидаги бузилишларни масофадан туриб текшириш ҳуқуқига эга бўлади.
Биринчи икки марта аниқланган бузилиш учун тадбиркорга огоҳлантириш берилади. Камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда, сўнгги ҳисобот чораги соф тушумининг белгиланган улуши миқдорида жарима қўлланилади:
- бир ой ичида биринчи марта — соф тушумнинг 0,2 фоизи;
- бир йил ичида иккинчи марта — соф тушумнинг 0,4 фоизи;
- бир йил ичида учинчи марта — соф тушумнинг 1 фоизи;
- бир йил ичида тўртинчи ва ундан кейинги ҳолларда— соф тушумнинг 2 фоизи.